Сирдарёда касалхонада вафот этган 4 яшар боланинг отаси икки шифокорни пичоқ билан жароҳатлади

  • 11 июль 2019, 13:56
  • 2 134
  • Жамият
  • Сирдарёда касалхонада вафот этган 4 яшар боланинг отаси икки шифокорни пичоқ билан жароҳатлади
    Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалида шифокорларга тан жароҳати етказилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан «Дарё»га қуйидагиларни маълум қилди.

    Филиалнинг шошилинч болалар бўлимига жорий йил 8 июль куни 2015- йилда туғилган бемор М.С. «Ўткир респиратор касаллик. Гипертермик синдром» ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилган. 10 июль куни беморда безовталик, кўнгил айниб, қайт қилиш кузатилган. Врач-педиатр Н.Эсанова томонидан бемор зудлик билан болалар реанимацияси бўлимига олиб чиқилиб, реанимация муолажалари кўрсатилган. Шунга қарамасдан соат 12.10 да беморда биологик ўлим кузатилган.

    Бу ҳақда ота-онасига хабар берилгач, соат 14.30 атрофида боланинг отаси пичоқ билан филиалнинг болалар реанимацияси шифокори А.Р. ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар реанимацияси шифокори А.Б.га қасддан жароҳат етказган. Врач А.Р.га тиббий ёрдам кўрсатилиб, жароҳатига чоклар қўйилган. Врач А.Б.нинг бош қисми санчилиб кесилган жароҳатига чоклар қўйилиб, госпитализация қилинган.

    Воқеа тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган бўлиб, бугунги кунда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Филиал директори С. Худойбердиевнинг қайд этишича, сўнгги пайтларда тиббиёт ходимларига бемор ва унинг қариндошлари томонидан тажовуз ва зўравонликлар, ҳатто қасддан суиқасд уюштириш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Жумладан, шу йилнинг 3 апрель куни Тез тиббий ёрдам навбатчи фелдшери М. Комилов чақирувга борган вақтида бемор ва унинг қариндошлари томонидан сабабсиз равишда ҳақоратланиб, ТТЁ машинасининг ойнаси синдирилиб, моддий зарар етказилган. Худди шундай ҳолат жорий йилнинг 8 май куни ҳам кузатилган бўлиб, Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси шифокори М. Акромовага бемор ва унинг қариндошлари томонидан қасддан тан жароҳат етказилган.

    Маълумотларга кўра, биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган 6 ойи давомида тиббиёт ходимларига бемор ва унинг қариндошлари томонидан тажовуз қилиниши билан боғлиқ 50 дан ортиқ қонунбузарлик содир этилган.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамиятда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг кўпайиб кетаётганини ҳисобга олиб, ушбу иллатнинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам айни кунларда вазирлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш устида ишламоқда.

    » » Сирдарёда касалхонада вафот этган 4 яшар боланинг отаси икки шифокорни пичоқ билан жароҳатлади