ДТМни судда ютган абитуриент ниҳоят талаба бўлди

  • 12 июль 2019, 18:38
  • 942
  • Жамият
  • ДТМни судда ютган абитуриент ниҳоят талаба бўлди
    Бир неча ой муқаддам жиззахлик абитуриент Даврон Турсунов Давлат тест марказини (ДТМ) судга бериб ютиб чиққани, уни талабалар сафига қабул қилиш мажбурияти юклатилган суд қарори қонуний кучга кирганига қарамай, вазият ўзгармаётгани ҳақида мақола эълон қилгандик.

    Суд қарорини ижро этиш билан боғлиқ жараёнлардаги муаммолар, хусусан, ҳуқуқий бўшлиқлар, боз устига ўқув йилининг ярмидан кўпроғи ўтиб кетгани Даврон Турсуновнинг Тошкент тиббиёт педиатрия институти талабалари қаторида туришига тўғаноқ бўлаётганди.

    Ниҳоят, масалага узил-кесил нуқта қўйилди.

    2019 йилнинг 4 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг (Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири — комиссия раиси ҳисобланади) 1-сонли баёнига кўра, Турсунов Даврон Улуғбек ўғлининг ўтган йилги қабул имтиҳонидан тўплаган баллари бекор қилиниб, унинг тест синовлари бўйича натижаси 139,5 балл деб ҳисоблансин, дея қарор қабул қилинди. Бу билан абитуриент Даврон Турсуновга, истисно тариқасида, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент педиатрия тиббиёт иснтитутининг 5510108 — Даволаш иши (Жиззах) таълим йўналиши бўйича қўшимча давлат гаранти асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилмоқда.

    Шундай қилиб, Даврон Турсунов энди талаба!

    Тўғри, у давлат тест марказининг хатоси сабаб бир йил вақт йўқотди. Бироқ нолишга кўпам асос йўқдек. Негаки, агар ДТМ ўтган йилиёқ хатосини тан олиб, уни талабалар сафига қабул қилгандаям тўлов-контракт асосида таҳсил олиши мумкин эди. Энди у янги ўқув йилидан давлат гаранти асосида таҳсил оладиган бўлди. Қолаверса, бой берилган вақти учун жавобгарлардан моддий-маънавий зарарларни ундириб олиши имконияти йўқ эмас. Бу имкониятдан Д.Турсунов фойдаланадими-йўқми — ихтиёр ўзида.

    Талабалик муборак, Давронбек.

    » » ДТМни судда ютган абитуриент ниҳоят талаба бўлди