Гўшт нархи ошганмиди? Нархни тушириш учун нималар қилинди?

  • 13 июль 2019, 06:34
  • 1 270
  • Жамият
  • Гўшт нархи ошганмиди? Нархни тушириш учун нималар қилинди?
    Фото: «Xabar.uz»
    Ўтган кунлар давомида бозорда гўшт нархи ошгани ва бир килограмми 60 минг сўмга қадар кўтарилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига таяниб ушбу ҳолат юзасидан Xabar.uz маълумот берди.

    Хабар қилинишича, қўмита томонидан гўшт нархи ошишининг олдини олиш учун қўшимча дўконлар ишга туширилмоқда. Ушбу дўконларда вилоятлардан келадиган тадбиркорлар ўз маҳсулотларини эркин сотишлари мумкин.

    Пойтахтда «Чорсу» номи билан танилган «Эски Жўва» бозорида журналистлар иштирокида ўрганиш ишлари ўтказилди ва бир килограмм гўшт нархи 34-39 минг сўмдан сотилаётгани аниқланди.

    Хўш, бу нархда гўшт сотиш қанчалик ўзини оқлайди?

    «Туркистон чорва хўжалиги» МЧЖ раҳбари Музаффар Мусомуҳаммедов арзонлаштирилган нархларда мол ва қўй гўштлари сотиш ярмаркасида ўз дўконларига эга. Унинг айтишича, бозор маъмурияти томонидан берилган имкониятлар туфайли арзонлаштирилган нархда маҳсулот сота олади. Тадбиркорга бозор худудида гўшт сотиш учун раста ва сақлаш учун музлаткич текинга ажратилган. «Туркистон чорва хўжалиги» МЧЖ ҳар куни Қозоғистондан 60 бошгача қорамол олиб киради ва сўйиб сотади. «Ҳар бир килограммдан 1000 сўм қолади», — дейди МЧЖ раҳбари.

    Музаффар Мусомуҳаммедов гўшт нархи 60 мингга қадар кўтарилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ ҳам бериб ўтди. Унинг айтишича, хабарларда қисман жон бор. «Ҳақиқатан ҳам 60 минг сўмдан сотиладиган гўшт бор, аммо бундай гўшт битта қорамолдан нари борса 2-2.5 килограмм чиқади. Қорамолнинг биқин гўшти ростан ҳам 60 минг сўм туради, аммо уни фақат «шашлик» пишириб сотадиганлар олиши мумкин, рўзғор учун деярли олинмайди», — дейди тадбиркор.

    «Ўзбекчорванасл» агентлигининг бош директори ўринбосари Зиядулла Пирназаров томонидан билдирилишича, айни вақтда Ўзбекистонда гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабни қондириш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ем-хашак етиштириш бўйича уч йиллик режа ишлаб чиқилган. Қишлоқ хўжалигида алмашлаб экиш тизими йўлга қўйилади. Баҳорда 50 минг гектар ерга беда сепилган. Кузда яна 90 минг гектар беда экилиши кўзда тутилган.

    Бундан ташқари такрорий экин сифатида 230 минг гектар ерга маккажўхори экиш ишлари олиб бориляпти.

    «Гўшт таннархининг 65 фоизини ем-хашак ташкил қилади. Биз айнан шу соҳада кўпроқ иш олиб боришимиз керак. Юртимизда 10 миллион бош чорва бор. Бу чорванинг 94 фоизи аҳолида. Бир килограмм пахта шроти эса биржада 1918 сўмга баҳоланмоқда. Бу нарх яна 15 фоиз ўсиши мумкин. Бозорда сотилиб, чорвадорнинг қўлига етиб боргунга қадар эса нархи 145 фоизга ўсиб кетмоқда», — дейди Зиядулла Пирназаров.

    » » Гўшт нархи ошганмиди? Нархни тушириш учун нималар қилинди?