
Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров автомобилида тақиқланган тезликда ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жарима тўлади.
Кеча ижтимоий тармоқларда Отабек Умаров бошқарувидаги «Тесла» русумли автомобиль тунги вақтда Тошкент шаҳри кўчаларида юқори тезликда (тезлик соатига 201 километргача етган) ҳаракатланиши тасвирланган видео пайдо бўлди.
Ўзбекистон Президентининг иккинчи қизи Шаҳноза Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи бўлмиш Отабек Умаров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қоидаларни бузгани учун ўз ихтиёри билан бориб коммунал касса орқали жарима тўлаганини маълум қилган.
«Куни кеча оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда мен билан боғлиқ видео тарқалгани Президентимизнинг очиқлик ва сўз эркинлиги сиёсати амалда эканини кўрсатади, деб ўйлайман.
Журналистлар ва блогерлар ҳақиқатан ҳам реал ҳаётимизда бор муаммоларни кўтариб чиқаётгани қувонарли. Сизлар жамиятда рўй бераётган воқеаларга бефарқ эмаслигингиз, одамларнинг мавқейи ва лавозимидан қатъи назар танқид қилаётганингиз бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ва тартибга риоя қилишга чақиради.
Бугуноқ барча жарималар тўланди. Қонун барча учун баробар!
Шу фурсатдан фойдаланиб, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жонкуяр ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман!», дейди у.

Фото: instagram\Отабек Умаров
Айтиш мумкинки, бу ҳолат Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтказилаётган ислоҳотлар, айниқса сўз эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Демакки, юқори доиралар жамоатчилик фикрини кузатмоқда, халқни эшитмоқда ва халқ билан билан ҳисоблашмоқда.
Отабек Умаров эса ўз хатосини тан олиб бошқа барча давлат амалдорларига ўрнак бўлди.
Маълумот учун, ҳайдовчи аҳоли яшаш жойида жуда катта тезликда ҳаракатланганда у МЖтК 128-3-моддасига биноан, ЭКИҲ 9 баравари миқдорида, яъни 1 млн 824 минг сўм жарима тўлайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар