Уй-жойи бузилган яккабоғликларга 1 млрд 700 млн компенсация пуллари тўлаб берилади

  • 28 июль 2019, 19:17
  • 647
  • Жамият
  • Уй-жойи бузилган яккабоғликларга 1 млрд 700 млн компенсация пуллари тўлаб берилади
    Бугун, 28 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев яна бир бор Яккабоғ туманида бўлиб, «Эски Яккабоғ» қўрғончасида тадбиркорлар билан учрашди.

    Туман ҳокимлиги вакилларининг хўжаларча ҳаракатларидан азият чеккан Низом Воҳидов, Дилфуза Боқиева, Фаррух Жабборов ҳамда Зафар Жўраевнинг хонадонида бўлган ҳоким мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш устида иш олиб борди. Уй-жойи бузилган 7 нафар, ҳамда ҳовли деворлари бузилган 27 нафар фуқарога жами 1 млрд 700 млн сўм миқдоридаги компенсация пуллари тўланиши режалаштирилган.

    Kun.uz нашри хабар беришича, 28 июль куни тонгда «Эски Яккабоғ»да катта ҳашар ташкил этилди. Зарур техникалар жалб этилиб, ҳашарчилар ва маҳаллий аҳоли вакиллари учун ош тортилди. Ҳудуд аҳолиси ижобий ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшиш учун доимо тайёр эканлигини билдирди.

    Маълумот учун, «Эски Яккабоғ»да 15 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Бу ерда 3та - «Эски Яккабоғ», «Мустақиллик» ва «Ибн Сино» маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд. Ҳудудда 1та болалар оромгоҳи, 3та мактаб, 1та ихтисослаштирилган мактаб интернат, 2-сонли туман марказий шифохонаси, туман ветеринария бўлими, 1та мактабгача таълим муассасаси, «Эски Яккабоғ» ОХЖ бозори, оилавий поликлиника ва бошқа ташкилотлар мавжуд. 170дан зиёд савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва коммуникация тизимларида 220 нафардан зиёд тадбиркор фаолият юритмоқда.

    Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли бинони экскаватор рулига ўтириб, ўзи бузмоқчи бўлганида, тадбиркор унинг устига бензин сепиб, ўт қўйиб юборган эди.

    Бу ҳодиса сўнгги кунларда интернетда муҳокамалар марказида бўлди. Сайтимизда ҳам мазкур ҳолат бўйича суриштирув ва таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

    27 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев бўлаётган воқеалар билан яқиндан танишиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Яккабоғ туманига келиб, «Эски Яккабоғ» қўрғончасига ташриф буюрган ва бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашган, уларнинг муаммо ва мурожаатларини тинглаган, якунда тадбиркорнинг дўкони бузилмайдиган, моддий зарар қопланадиган бўлганди.

    Шу куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган йиғилишда туман ҳокими Шоҳмурод Донаев ва туман прокурори Жамшид Халилов ишдан олинди, ҳоким ўринбосари Мансур Туймаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

    27 июль куни ДХХ раиси Абдусалом Азизов ҳам «Эски Яккабоғ» ҳудудида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот қилган.

    » » Уй-жойи бузилган яккабоғликларга 1 млрд 700 млн компенсация пуллари тўлаб берилади