08:30 / 30.07.2019
3 097

Таиландни забт этган жаҳон чемпиони Урганчда ҳарбий хизматни ўтамоқда (видео)

Таиландни забт этган жаҳон чемпиони Урганчда ҳарбий хизматни ўтамоқда (видео)
Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ
Урганч гарнизонидаги сафарбарлик чақируви резерви баталёнида муайтай спорт тури бўйича жаҳон чемпиони Азизбек Мадаминов бир ойлик ҳарбий хизматни ўтамоқда. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати хабар беради.

Азизбек 2000 йили Урганчда туғилган. 10 ёшидан буён акаси Фазлиддин Мадаминов ва жаҳон чемпиони Илҳомжон Рустамов мураббийлигида муай-тай билан шуғулланиб келади.

Шу йиллар давомида Азизбек кўплаб ютуқларга эришди. У 2010 йили Тошкентда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги муай-тай чемпионатида бронза медали билан тақдирланди. Бу унинг илк ютуғи бўлади. 2015 йил республика кубогида қатнашиб, фахрли 1-ўринни эгаллаган бўлса, 2018—2019 йилларда 71-75 кг вазн тоифасида ғолиблик шоҳсупасида биринчиликни қўлдан бой бермай келмоқда. 2016 йил Азизбек ҳаётида зарҳал ҳарфлар билан муҳрланган воқеа содир бўлди: у Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳамма рақибларидан устун келиб, муваффақият қозонди ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионига айланди.

Азизбек 2015 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Жорий йилнинг июнь ойида Азизбекка муай-тай спорт тури бўйича спорт устаси разряди берилди.

Армия сафида ҳарбий хизматни ўтаётган хизматчи А. Мадаминов нафақат хизматдошларига, балки бутун Ўзбекистон ёшларига намуна бўлмоқда. Ёш бўлишига қарамасдан у эришган ютуқларига ҳавас қилса арзийди. Баталёнда жаҳон чемпиони иштирокидаги маҳорат дарсларининг уюштирилиши эса шахсий таркибнинг спортга бўлган қизиқишларини оширишда хизмат қилмоқда. Эрталабки бадантарбия машқлари ҳам ёш муай-тай устаси мураббийлигида ўтказилади.

Умидли спортчи шу йили коллежни тамомлаб, Урганч давлат университетининг жисмоний тарбия йўналишига ҳужжатларни топширди. Азизбекнинг нияти келгусида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида юртимизга хизмат қилишдир. Шу билан бирга у муай-тай бўйича келгусида ўтказиладиган жаҳон ва қитъа мусобақаларида Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтариб, ўзбек спорти ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилиб келмоқда. Айни пайтда жаҳон чемпиони Азизбек Мадаминов сентябрь ойида Туркия давлатида бўлиб ўтадиган муай-тай бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Таиландни забт этган жаҳон чемпиони Урганчда ҳарбий хизматни ўтамоқда (видео)