Яна аэропорт. Такси, панжара ва «рубл алмаштириш» ҳақида (видео)

  • 31 июль 2019, 23:35
  • 1 235
  • Жамият
  • Яна аэропорт. Такси, панжара ва «рубл алмаштириш» ҳақида (видео)
    Тошкент халқаро аэропорти ҳақида кўп ёзилган. Ҳозир ёзадиганим янгилик бўлмаслиги мумкин. Балки бўлар.

    Икки йил олдин Тошкент аэропортида янги терминал ишга тушди ва кўп муаммолар ҳал бўлди. Аммо бир муаммо борки, ечими топилиши энди шубҳа остида — таксичилар.

    Уйқуда бўлганимиз 25 йил давомида йиғилиб қолган нуқсонларнинг кўпи бартараф этилди — энди пастаккина тор бинода диққинафас бўлиб паспорт назорати учун соатлаб навбатда турмайсиз, божхона-ку, яшил йўлакни мунтазир қилиб қўйган. Ходимларнинг хушмуомаласини айтмайсизми. Кайфият кўтарилади.

    Аммо мана шу кайфият аэропорт биносидан чиққанингиз ҳамоно таксичиларнинг урҳо-урига сингиб кетади. Бино янги, аммо манзара таниш — «такси керакми, такси? Қатга борамиз?»

    Айтишларича ўша таксичиларнинг лицензияси бор экан, солиғини тўлаяпти. Яшасин. Аммо ким уларга йўловчиларга йиртқичнамо ташланиш ҳуқуқини берган? Ўтирсин машинасида, такси керак бўлса мижознинг ўзи келади. Навбат билан юрсин. Таксометр бўлса қаерга қанча билан боришни келишмоққа не ҳожат — «Иппадрўм кетамиз, иппадрўм...»

    Айтишингиз мумкин, таксичи «клиент» ушламаса, ўзи келиб машинага ўтириши қийин, деб! Ҳой, ўртоқлар, агар йўловчи таксометрдаги аниқ-тиниқ нарх эвазига маълум жойга боришига, уни ҳеч ким «кийдириб» кетмаслигига ишонса, албатта таксига ўтиради! Беш-олти километр жойга «Нечпул берас, 50 минг бўладими?» дегач «клиент» қоладими?

    «Борган сари туристик салоҳияти кенгайиб бораётган юртимиз»нинг асосий аэропортида «хизмат кўрсатаётган» таксичиларнинг кийиниш маданияти-ку, алоҳида масала. Кечирасиз, бунақа кийимда фақат картошка чопиғига чиқиш керак. Пахта чилписа ҳам бўлади. Ҳозир айни вақти. Оқ кўйлак? Тоза ёқа? Йўқ, эшитмаганмиз...

    Хорижда кўрганимиз таксичилар кийиб юрадиган оппоқ қўлқоп ҳақида атайлаб индамадик. Азбаройи акаларнинг энсасини ўйлаб — «биз тирикчиликда юрамиз, хўпми?»

    Аэропортда ўрганиб қолганимиз яна бир манзара борки, уни ҳам айтиб кетмасак бўлмади — панжара. Шунчалик ўрганиб қолганмизки, панжара аэропорт колоритига қоришиб кетади ва яҳлит манзара касб этади. Шахсан ўзим биринчи марта хорижда бўлганимда аэропорт биносидан чиққаним ҳамоно катта кўча бўйида турганимни кўриб, ҳайрон қолгандим. Бу ҳатто бироз ёввойиликдек туюлганди — қани панжара? Кутиш залига хоҳлаган одам кириб-чиқиб юрибди. Бир имо қилсанг, навбатда турган такси олдингда бўлади.

    Биз эса ён-атрофни панжара билан ўраб олганмиз ва биттагина чиқадиган жой қолдирганмиз. Йўловчи бечорада таксичилардан қочадиган жой йўқ. Панжарани олиб ташлаб, ўрнига такси машиналари турадиган йўлакка айвон қурса бўлмайдими? Қаранг, офтобда куйиб туришини! Шу машинага йўловчи (у хорижлик сайёҳ бўлиши эҳтимоли ҳам катта) ўтиради-да энди — ёзда куйиб, кузда ёмғирга бўкиб, қишда эса қор кечиб...

    Аэропорт, афтидан, ўлмайдиган мавзу. Аввал ёзилган, мана ҳозир мен ёзяпман ва бу кетишда кимдир албатта яна ёзади. Эстафетани бошқаларга топшираман, марҳамат, ўша томонларга бирров ўтиб келсангиз кифоя, ёзмоққа нимадир албатта топилади.

    PS: Аэропортда янги «хизмат тури» пайдо бўлибди — энди бемалол валюта алмаштириш ҳам мумкин. Ҳа, ўша, таксичилар қаторида туришибди — «расийски оламиз, расийски. Рубл борми, ака?»
    Зафар ҚОСИМОВ

    Манба: Xabar.uz

    » » Яна аэропорт. Такси, панжара ва «рубл алмаштириш» ҳақида (видео)