10:46 / 03.08.2019
3 083

Саида Мирзиёева: «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга блогерлар ҳақидаги моддалар қўшиш таклиф этилмоқда

Саида Мирзиёева: «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга блогерлар ҳақидаги моддалар қўшиш таклиф этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг Инстаграм саҳифасида журналистларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик ҳамда блогерларга журналистлар каби ҳуқуқлар бериш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида пост жойлади.

«Бугунги кунда биз томондан мамлакатимиз ОАВ ва блогерларини қўшимча қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ нормалар ишлаб чиқилмоқда.
Жумладан, қонун ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда:

- Журналистнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, унинг сўрови асосида ахборотни (ҳужжатларни) тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этишда ифодаланган тарзда тўсқинлик қилиш, шунингдек, журналистга босим ўтказиш, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик киритиш;
- Блогерларга журналистлар каби ҳуқуқлар бериш.

Шу муносабат билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўймоқчимиз. Унда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар таклиф этилган.

Ушбу лойиҳа бўйича ҳар қандай таклиф ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. Улар ҳужжат лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ўрганиб чиқилади ва инобатга олинади.

Таклиф, ғоя ва тавсияларингиз учун аввалдан миннатдорлик билдираман.
Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин», деб ёзади С.Мирзиёева.

Қайд этиб ўтиш керакки, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга киритиш учун муҳокамага ташланган ўзгартишларда блогерлар журналистларга хос бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиши, шунингдек, журналистларга зарур ахборотни тақдим этмаган, уларнинг професионал фаолиятига тўсқинлик қилган ва аралашган, уларга босим ўтказган фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жарима жазосини киритиш назарда тутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саида Мирзиёева: «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга блогерлар ҳақидаги моддалар қўшиш таклиф этилмоқда