«Қани далил, қани исбот?» - Бухоро вилояти ҳокими қабристон бўйича маълумотларни «олди-қочди гап» деб атади

  • 03 август 2019, 20:15
  • 1 164
  • Жамият
  • «Қани далил, қани исбот?» - Бухоро вилояти ҳокими қабристон бўйича маълумотларни «олди-қочди гап» деб атади
    Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Facebook’даги саҳифасида шаҳардаги “Ҳазрати имом” қабристонидаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан пост қолдирди.

    “Халқимизда “қайси юртнинг ободлигини билмоқчи бўлсанг, бозори-ю мозорига бор”, деган нақл бор. Бу нақлда бозор – турмуш, мозор – маънавият белгисини билдиради. Зеро, мозор марҳумларнинг мангу қўним топган маскани бўлса, бозор тирикликнинг яшаш манбаи саналади. Шу маънода айтганда, қабристонларни, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни зиёрат қилиш, боқий дунёга сафар қилган яқинларимиз қабрларидан хабар олиш, ҳақларига Қуръон-тиловат қилиш, марҳумлар ётган жойларни обод ва озода сақланишига эътибор қаратиш ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир”, - деб ёзади ҳоким.

    Унинг айтишича, бундан қарийб бир ой муқаддам Бухоро шаҳридаги “Ҳазрати имом” қабристонида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган.

    “Сўнгги кунларда эса ижтимоий тармоқларда қабристондаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар “болалади”.

    Воқеалар ривожи аслида қандай тус олгани юзасидан Бухоро шаҳар ҳокими К.Камоловга мурожаат қилдик. - Маҳаллалар қиёфасини янгилаш мақсадида қабул қилинган “Обод маҳалла” дастури доирасида “Ғ.Ғулом” маҳалласи ҳудуди ҳам ободонлаштирилмоқда. “Ҳазрати Имом” қабристони айни шу ҳудудда жойлашган. Вилоят раҳбари бошчилигида олиб борилган ўрганишлар жараёнида мазкур қабристондаги абгор ҳолат ҳам эътибордан четда қолмади. Шу жойнинг ўзида мутасаддиларга қабристон деворларини қайтадан тиклаш, йўлакларни таъмирлаш, сағаналар атрофини тартибга келтириш бўйича топшириқлар берилди. Шундан сўнг ишга киришилди.

    Бу ишга албатта, қурилиш ташкилотлари, ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари жалб қилингани рост. Қолаверса, маҳаллий бюджетдан 500 миллион сўм маблағ ҳам ажратиб берилди. Бундан ташқари, имом-хатиблар, ёши улуғ инсонлар томонидан намозларда, маърака-мавридларда эзгу ишга бош қўшишга чақириқлар қилинди. Бухоро шаҳрида яшовчи аҳоли орасида кўпчиликнинг қавми-қариндоши шу ерда дафн этилганлиги боис уларга ҳам даъватлар бўлди”, - дейди Ўктам Барноев.

    Унинг билдиришича, бирор корхона-ташкилот ходимларига тазйиқ ўтказилиб, бирор жазо қўллаш таҳдиди остида меҳнатга жалб қилингани йўқ.

    “Шу ўринда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг 1 август куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашнинг янгича тизимига бағишланган мажлисидаги иқтибосига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

    “Ҳашар халқимизнинг қадимий урф-одатларидан ҳисобланади. Қўни-қўшни, қариндошлар ёки бир маҳалла аҳлининг уй қуриш, боғ барпо этиш ёки кўча-кўйни тартибга солиш учун бирлашиш амалиёти халқимиз маданиятининг бир қисми саналади. Ҳашар — ҳар доим байрам, ўзаро кўмаклашиш, қийинчиликлар қаршисида жипслашиш ва биргаликда уларни енгиб ўтишдир. Лекин масалан, эрта тонгдан шифохона ёки мактаб ходимларини уларнинг розилигини сўрамасдан автобусга солиб, автойўллар бўйидаги ҳудудларни супуришга олиб кетиш — бу ҳашар эмас, балки мажбурий меҳнатдир. Ундан ҳам ёмони бу каби “ҳашарлар”да қатнашишдан бош тортгани учун ходимларга нисбатан ишдан бўшатиш даражасигача интизомий чоралар кўрилишидир.” — деганди вазир ўшанда.

    Энди ўзингиз ўйланг. Ота-боболари ётган муқаддас қадамжони обод қилишга озми-кўпми ҳисса қўшиш қадимий урф-одат эмасми?! Айтинг-айтинг, бу иш миллий маданиятимизга қачондан ёт тушунчага айланди?! Ёки бугун ижтимоий тармоқларда бонг ураётганларнинг қайси бири “Ҳазрати Имом” қабристонида эрта азонда мактаб, боғча, шифохона ва бошқа соҳа ходимларининг вазир айтмоқчидай, рози-ризолиги олинмасдан автобусга солиб, меҳнатга мажбурланганини кўрибди? Қани далил, қани исбот? Ёзилганларнинг, айтилганларнинг бари олди-қочди гаплар, ўз-ўзига “қаҳрамон” ясаб олишдан бошқа нарса эмас. Алалхусус, бугун Бухорода бошланган улкан бунёдкорликлар, ўзгариш ва янгиланишлар шиддати бир дам сусайгани йўқ. Юртни обод, халқни шод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларга, шу ишга кечани кеча, кундузни кундуз демай, меҳнат қилаётганларга Оллоҳ ёрдир. Биз эса мавзуга яна қайтамиз”, - дейилади ҳокимнинг постида.

    Эслатиб ўтамиз, бундан аввал блогер Умид Ғофуров Бухорода бюджет ташкилотлари ходимлари бир ойдан бери “Ҳазрати имом” қабристонини ободонлаштиришга жалб этилаётгани ҳақида хабар қилганди.

    Шундан сўнг, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бухоро шаҳридаги бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисидаги хабарлар бўйича текширув ишларини бошлади.

    Бундан олдин, Kun.uz Бухородаги қабристонни ободонлаштиришга ташкилотлар ходимлари мажбурий жалб қилинаётгани юзасидан суриштирув ўтказганди.

    Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон Қарорига мувофиқ, ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши белгиланган. Ҳашарни ўтказиш учун умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиши шарт. Ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъиян риоя этилган ҳолда ўтказилади. Ҳашарлар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди.

    » » «Қани далил, қани исбот?» - Бухоро вилояти ҳокими қабристон бўйича маълумотларни «олди-қочди гап» деб атади