Қашқадарё вилояти ҳокими ҳам узр сўради: «Биз жуда катта хатоликка йўл қўйдик»

  • 04 август 2019, 14:22
  • 1 045
  • Жамият
  • Қашқадарё вилояти ҳокими ҳам узр сўради: «Биз жуда катта хатоликка йўл қўйдик»
    Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ва ҳокимлик раҳбариятининг бошқа вакиллари Яккабоғ туманида аҳоли вакиллари билан учрашиб, улардан узр сўради.

    «...бу воқеаларга ҳеч қачон алоқаси бўлмаганлиги ва Эски Яккабоғ ҳудудини обод қишлоққа айлантириш қарорини вилоят ҳокимлиги қабул қилганлиги, бўлган воқеага вилоят ва туман ҳокимлиги айбдорлигини [айтиб], мен юз бора, минг бора ҳукуматимиздан, давлатимиздан, азиз халқимиздан, ҳурматли блогерларимиздан, ҳурматли журналистларимиздан, мана шу масалада азият чеккан тадбиркорларимиздан таъзим қилиб, илтифот қилиб, кечирим сўрамоқчиман.

    Мана шу масалада биз жуда катта хатоликка йўл қўйдик. Лекин бу хато биз учун, агар имкон бўлса ва шарт-шароит яратилса, биз бундан буёғига тадбиркорларни... Мен кўряпманки, тадбиркорлар билан, замон ўзгарганлиги, ҳаёт ўзгарганлиги шуни тақозо қиляптики, энди олдингига ўхшаб, «Бузилсин, олиб ташлансин, қўпориб ташлансин», деган сиёсатдан бизда мутлақо воз кечилди.

    Бундан буёғига ҳар бир инсон билан индивидуал ишлаб, ҳар бир оила билан алоҳида шуғулланиб, уларнинг имкониятлари ва хоҳиш-истакларини – у одамлар ҳам фаровон ҳаётни хоҳлайди – ҳисобга олиб, кўмак бериб, уларнинг истакларига қарши ишларга мутлақо йўл қўймасдан [иш олиб борилади].

    Яъни улар ўзлари хоҳласа хонадонлари бўладими, тадбиркорлик субъектлари бўладими, ўзаро шартнома асосида эркин нархловчиларга тадбиркорлик субъектларини ёки уй-жойларини... Аввало, буни бош план асосида, узоқ келажакни ўйлаб... Вақтинчалик, тезлик билан «мана шу ерда савдо-сотиқ қилишим керак» деган назардан, қонун-қоидаларга амал қилмасдан қурилган тадбиркорлик субъектлари, бунақа сиёсатдан биз энди воз кечишимиз кераклигини бугун тушуняпман.

    Агар бирор дўкон ё уй қурсак, тузук қилиб, яхшилаб қурсакки, биздан кейинги 5-6та авлод шу уйда, шу дўконда фаолият олиб борса. Пахсадан, ноқонуний ҳолатларда, ўзибўларчилик билан қуриб ташлайдиган сиёсатдан воз кечишимиз керак, азиз халқимиз буни ҳам тушуниши керак. Пала-партиш қурилишлар одамларимизга зарар-захм етказаётганини англашимиз керак, мана шу масалаларни кенг жамоатчиликка, халқимизга етказишимиз керак», деган Зафар Рўзиев.

    Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказилган видеоселекторда Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари Шуҳрат Ғаниев, Фарҳод Эрманов ва Зафар Рўзиевни қаттиқ танқид қилганди. Президент ҳокимларга «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилишида йўл қўйилган камчиликлар учун танбеҳ берган ва улардан бузилиш ишларидан жабр чеккан аҳоли вакилларидан узр сўрашни талаб қилганди.

    » » Қашқадарё вилояти ҳокими ҳам узр сўради: «Биз жуда катта хатоликка йўл қўйдик»