Қашқадарёда бир гуруҳ ҳарбийларнинг ИИБ ходимига тазйиқ ўтказиш ҳолати акс этган видео тафсилотлари

  • 07 август 2019, 19:15
  • 2 441
  • Жамият
  • Қашқадарёда бир гуруҳ ҳарбийларнинг ИИБ ходимига тазйиқ ўтказиш ҳолати акс этган видео тафсилотлари
    «Дарё»да жорий йил 5 август куни «Қашқадарёда бир гуруҳ ҳарбийлар ИИБ ходимига тазйиқ ўтказди» сарлавҳали хабар чоп этилганди. Қашқадарё вилоят ИИБ матбуот хизмати воқеа тафсилотларини очиқлади.

    Матбуот хизмати хабарига кўра, воқеа 29 июль куни Қарши шаҳридаги «Агора» бозори ёнидаги Қарши–Миришкор автотураргоҳида содир бўлган. Қашқадарё вилояти ИИБ, Миришкор тумани ИИО пробация гуруҳи инспектори, майор Ҳусниддин Абдураҳмонов Миришкор туманига кетиш учун йўловчи ташувчи таксида ўтирганида Мудофа вазирлиги, Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ гуруҳ командири капитан Эркинжон Раҳмонов сержант унвонидаги бир нафар ҳарбий хизматчи билан келиб, ИИБ ходимининг ҳарбий дала формасини шаҳар ҳудудида кийиб юрганига эътироз билдиради.

    Видеода кўринганидек, ИИБ ходими агар бу хатти-ҳаракати нотўғри бўлса ИИБ бошқармаси ҳамда вазирлик бунга чора кўришини айтиб, ҳарбийларга буни назорат қилиш уларнинг ваколатига кирмаслигини тушунтиради.

    ИИБ матбуот хизматининг қўшимча қилишича, шу пайт капитан Эркинжон Раҳмонов округ комендантига қўнғироқ қилиб, яна 3 нафар ҳарбий хизматчини чақиради ва 5 киши бўлиб ИИБ ходимини олиб кетишга уринади. Майор Ҳусниддин Абдураҳмонов ўтирган машина йўлини тўсиб, ҳаракатланишига рухсат бермайди.

    Шунда видеода кўрингани каби ИИБ майори округ коменданти билан телефон орқали гаплашиб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилади. Ва ИИБ ходимининг қандай формада юришини назорат қилиш вазирлик зиммасидаги вазифа эканлигини, хато қилган бўлса вазирлик албатта чора кўришини билдиради.

    Маълум қилинишича, ИИБ майори ва округ коменданти ўртасидаги суҳбатдан сўнг, ҳарбийлар ИИБ ходимининг шахсий ва хизмат маълумотларини ёзиб олиб, воқеа жойидан кетган.

    Ушбу ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида «Дарё» мухбири Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ масъулларига мурожаат қилди. Мухбир билан телефон орқали мулоқот қилган масъуллар тез орада Мудофа вазирлигининг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими бу ҳақда расмий маълумот беришини айтди.

    » » Қашқадарёда бир гуруҳ ҳарбийларнинг ИИБ ходимига тазйиқ ўтказиш ҳолати акс этган видео тафсилотлари