Пропискага оид қарор лойиҳаси: соддалашяптими, қийинлашяптими?

  • 19 август 2019, 19:09
  • 856
  • Жамият
  • Пропискага оид қарор лойиҳаси: соддалашяптими, қийинлашяптими?
    Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига Ички ишлар вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

    Гарчи қарор лойиҳаси номи «прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш» деб номланган бўлса ҳам, лекин аслида пропискага оид ҳозирги мавжуд тартибнинг кўчирмаси бўлган холос, халқ учун, айрим кичик ҳолатларни ҳисобга олмаганда, бирорта айтишга арзигулик енгиллик берилмаяпти. Шунчаки пропискага оид бир нечта қарор ва йўриқномаларни биттада бирлаштиришмоқчи шекилли.

    Аксинча, қарор лойиҳасига қарасак, айрим бандлар аксинча ҳозиргидан оғирлаштирилмоқда. Масалан, бугунги кунгача 2-банд билан пропискага кириб, 3 йилдан кейин уй сотиб олганлар аризасига асосан 1-бандга ўтиши мумкин эди (амалиётда паспорт столдагилар кўра била туриб, буни тан олмай, одамларни сарсон қилади лекин).

    Таклиф этилаётган лойиҳада мана шу ҳуқуқ олиб ташланмоқда. Бу тартибни фақатгина 5, 9 – 11-бандлар учун қолдириб, 2-бандни чиқариб ташлашмоқчи.

    Ўзи 2-банд бошиданоқ бу рўйхатда йўқ эди, 2018 йил 13 августдаги ўзгаришлар билан қўшилганди. Аммо 1 йил ўтар-ўтмас, ушбу енгилликни яна қайтариб олиб қўйишмоқчи. Қизиқ, жуда қизиқ...

    Холислик учун айтай, лойиҳада бевосита жараён билан боғлиқ айрим янгиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, доимий ёки вақтинчалик пропискага ҳужжатларни Тошкентдаги исталган паспорт столга (айнан ўша туман бўлиш шарт эмас) ёхуд Давлат хизматлари марказига топшириш мумкин бўлади.

    Қарор лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз ва 25 августга қадар таклифларингизни беришингиз мумкин (жамоатчилик фикри инобатга олинадими, йўқми, бунисига кафолат бермайман):

    Билмаганлар учун эслатма:
    1 ва 2-банд ўртасида яхшигина фарқ мавжуд.

    Биринчидан, 1-банд билан прописка кирганлар ўз номига исталган вақтда уй-жой сотиб олиши мумкин, 2-банд билан кирганлар 3 йил ичида уй ололмайди.

    Иккинчидан, 1-банд билан кирганлар тўғри шажара бўйича исталган яқин қариндошларини (бобо-буви, ота-она, фарзандлар, набиралар, турмуш ўртоғи) доимий пропискага олиб кира олади. Аммо 2-банд билан кирганлар фақат турмуш ўртоғи ҳамда ўз оиласига эга бўлмаган вояга етган болаларини олиб кириши мумкин. Яъни 2-банд билан кирганлар ҳаттоки исталган фарзандини ҳам пропискага олиб киришга ҳаққи йўқ.

    Кўпчилик прописка режими аҳолини икки тоифага (пропискали ва пропискасиз) бўлиб қўйган, уларнинг ҳуқуқлари бир-биридан фарқ қилади, деб ўйлайди. Аслида аҳвол бундан ҳам баттарроқ. Ҳатто ўша Тошкент пропискаси бор фуқароларнинг ўзи ҳам бир нечта тоифаларга бўлиниб кетган, бирида бор ҳуқуқ ва эркинликлар, бошқасида йўқ. Ғазабим қўзийди шу аҳмақона тизим ҳақида ўйласам...

    Хушнудбек Худойбердиев

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Пропискага оид қарор лойиҳаси: соддалашяптими, қийинлашяптими?