Ўзбекистон аэропортлари хорижий авиакомпаниялар учун очилмоқда

  • 20 август 2019, 08:35
  • 677
  • Жамият
  • Ўзбекистон аэропортлари хорижий авиакомпаниялар учун очилмоқда
    Фото: «Ўзбекистон ҳаво йўллари»
    Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини авиаташувлар тизимидаги мавжуд муаммоларни ечиш йўли орқали кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2019 йилнинг 1 октябридан «Қарши», «Нукус» ва «Термиз» халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» даражасини қўллаган ҳолда «Очиқ осмон» режими жорий қилинади, «Бухоро» халқаро аэропорти ҳам хориж фуқароларини ташиш учун худди шундай эркинликни қўлга киритади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда.

    Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ташиш тизимини яхшилашга кўмаклашиш бўлими бошлиғи в.б. Зафаржон Воҳидов «Очиқ осмон» режими бўйича изоҳ берди.

    «‘Очиқ осмон’ бу хорижий авиакомпаниялар учун мамлакат ҳаво йўлларидан фойдаланиш имкони ва шартларини либераллаштириш ва енгиллаштириш демакдир. Ушбу режим мамлакатга келаётган туристлар оқимни ошириш ҳамда унинг минтақавий авиацион хаб сифатидаги салоҳиятини ошириш учун қўлланилади. «Очиқ осмон» режими бозорни халқаро авиакомпанияларга мамлакат аэропортлари ва уларнинг қуруқликдаги хизматлари учун очади. «Очиқ осмон»нинг асосий тамойиллари нафақат транзит парвозлар учун ҳуқуқ тақдим этиш, балки ҳукуматнинг маршрутлар ҳамда авиакомпанияларнинг нарх ҳосил қилиш ва белгилаш жараёнларига аралашмаслик, шунингдек, самолётлар ва уларнинг қуввати турларига доир чекловларнинг йўқлигини ҳам англатади», — дейди у.

    Жаҳон тажрибасига кўра, «Очиқ осмон» сиёсатининг қўлланилиши йўловчи ташувларини ўртача 35 фоизга (усиз 8 фоиз) ошириш имконини берди. Бу шунингдек, авиачипталар нархини 20 фоиздан 40 фоизгача пасайтирди. Бундан ташқари, мазкур режим ўн минглаб янги иш ўринларини яратади. Масалан, Австралия ва Янги Зеландия ўртасидаги келишув 40 минг кишини иш билан таъминлади, Сингапурдаги либерал ҳаво режими 163 минг иш ўрнини яратди.

    Умуман олганда, бугунга келиб фуқаро авиацияси дунё миқёсида 63 миллион кишини иш билан таъминламоқда ва унинг жаҳон ЯИМдаги ҳиссаси 3,5 фоизни ташкил қилади.

    Таъкидлаш жоизки, ҳаво кенглигидаги эркинлик фуқаро авиациясининг қатор қоидаларини ўзида жамлайди ва бу қоидалар бир мамлакат авиакомпаниясига бошқа мамлакатнинг ҳаво кенглигига кириш ҳамда унинг ҳудудига қўниш ҳуқуқини беради.
    Мазкур қоидалар 1944 йилги «Халқаро фуқаролик авиацияси тўғрисида»ги конвенсияда қайд этилган авиация либераллашув даражаси бўйича муросалар натижасида шакллантирилган.

    Шу ўринда Зафаржон Воҳидов «бешинчи ҳаво эркинлиги» тушунчасига ойдинлик киритди: «‘Бешинчи ҳаво эркинлиги’ авиакомпанияларга ўз мамлакатига парвоз давомида тўлов асосида йўловчи ва юкларни бир хорижий давлатдан бошқасига ташиш ҳуқуқини беради, яъни бешинчи эркинлик нафақат йўловчиларни А нуқтадан Б нуқтага ва А нуқтадан C нуқтага (Б нуқтада вақтинча қўниш орқали), балки Б нуқтадан C нуқтагача ва C нуқтадан Б гача ҳам (А->Б->C) ташишни англатади.

    Йўловчиларни энг аввало Б нуқтадан C нуқтагача ва C нуқтадан Б гача амалга оширилувчи парвозлар нархининг қиммат эмаслиги ҳам ўзига жалб қилади. Йўловчиларнинг бир қисми фақат Б нуқтагача парвоз қилиши муносабати билан авиакомпанияда Б нуқтадан C нуқтагача парвозда доим бўш ўринлар бўлади ва авиакомпания бу ўринларни максимал тўлдиришга ҳаракат қилиб, бунинг учун махсус нархларни қўллайди. Бу ҳолатда йўловчи кўпинча кичик масофаларга Б747/777, А330/А340 турдаги узоқ магистралли самолётда авиапарвозни амалга ошириши мумкин бўлади».

    Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ташиш тизимини яхшилашга кўмаклашиш бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, «Очиқ осмон»га асосан маҳаллий авиакомпаниялари аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг мавжуд ҳамда эҳтимолий талабларини тўлиқ қондира олмайдиган мамлакатлар қўшилади.

    «Масалан, Россия ўзининг Сочи, Калининград ва Владивосток шаҳарларидаги аэропортлари учун «Очиқ осмон» сиёсатини юритади. Исроил Ал-Қудсдаги асосий «Бен Гурион» аэропортида шу сиёсатни муваффақиятли юритади. Евроиттифоқ мамлакатлари эса «Очиқ осмон» режимини умумий авиация бозори ичида ЕИ мамлакатларига тенг имкониятларни тақдим этиш учун қўллайди.

    Хусусан, Исроилнинг муваффақиятли тажрибаси бу сиёсат охир-оқибат - ҳам маҳаллий авиакомпаниялар, ҳам бутун бир мамлакат учун ютуқ бўлишини кўрсатади. 2013 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда «Бен Гурион» аэропортидаги йўловчилар оқими 13 миллиондан 20 миллион кишига ошди, аэропортнинг ўзи эса дунёнинг энг етакчи аэропортлари рўйхатидан жой олди», — дейди З.Воҳидов.

    Шунингдек, сўнгги икки йилда 12 авиакомпанияни жалб қилиб, 12 янги халқаро маршрутни очишга муваффақ бўлган Арманистон ҳам бунга мисол бўла олиши қайд этилди. Бундан ташқари, МДҲ давлатлари муайян шаҳарлари доирасида ҳам қисман очиқ осмон режими тажриба қилинмоқда. Мутахассиснинг таъкидлашича, «Очиқ осмон» сиёсатини юритаётган мамлакат ўзининг ҳаво кенглиги ва аэропортларидан фойдаланиш қоидаларини максимал даражада соддалаштириши, хизматлар билан боғлиқ харажатларни минималлаштириши, айниқса, авиакеросинни рақобатбардош нархларда тақдим этиши лозим.

    «Авиакомпанияларнинг маълум бир мамлакатга парвоз қилиш ё қилмаслигига доир қарорни қабул қилишида икки асосий омил аҳамиятга эга: авиаёқилғи нархи ҳамда аэропортларда хизмат кўрсатиш нархи. Бугунги кунда Ўзбекистондаги авиаёқилғи нархи ҳамда аэропорт йиғимлари ставкалари рақобатбардош эмас. Ўзбекистон Президентининг янги фармони билан мазкур муаммо деярли ҳал бўлган, топшириқни ўз вақтида, сифатли бажаришгина қолган.

    Uzbekistan Airports АЖга республиканинг халқаро аэропортлари таклифлари бўйича норезидент авиакомпаниялар учун аэропортлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ставкаси ва йиғимларни мустақил белгилаш, авиация ёқилғиси ва ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш учун зарур инфратузилмани кенгайтириш ва модернизациялаш ҳуқуқи берилди.

    Энг асосийси, улар маҳаллий ёки хорижий авиаёқилғи ва ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб берувчилар билан мустақил равишда тўғридан-тўғри шартномалар имзолаши, шунингдек уларни мамлакатнинг халқаро аэропортларига рейсларни, шу жумладан транзит рейсларни амалга ошираётган маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларга сотиши мумкин», — дея қўшимча қилади Зафаржон Воҳидов.

    Энг муҳими, энди аэропортларида «Очиқ осмон» режими жорий қилинувчи шаҳарлар билан рейсларни йўлга қўйишдан манфаатдор хорижий авиакомпаниялар парвозларни амалга оширишга рухсат олиш учун Транспорт вазирлигига, слот учун эса Uzbekistan Airports АЖга мурожаат қилишади. Шу билан бирга, Фармонда «Очиқ осмон» режимини муваффақиятли амалга ошириш учун барча чоралар кўрсатилган. Хусусан, жорий йилнинг охирига қадар ҳамкорлик алоқалари ва парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг авиақатновлари тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувлари инвентаризация қилиниб, қайта кўриб чиқилади.

    «Очиқ осмон» режими жорий қилиниши билан хорижий сайёҳлар сони сезиларли даражада ошиши кутилмоқда ва ички транспорт ташувларини йўлга қўйиш зарурати юзага келади. Ушбу масала ечимини топиш ҳамда халқаро аэропортлар йўловчиларига қулай логистика яратиш мақсадида Транспорт вазирлигига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан ҳамкорликда транспорт тармоқларини – мамлакат шаҳарлари ҳамда қўшни давлатлар ўртасида автобус ва темир йўл қатновларини таъминлашга доир режа ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кутилмоқда. Бундан ташқари, «Қарши», «Нукус», «Термиз» ва «Бухоро» аэропортларида «Очиқ осмон» режими йўлга қўйилиши муносабати билан учиш-қўниш йўлакчалари, назорат-диспетчерлик пунктлари, аэронавигацион ускуналар ва стационар ер усти алоқа тармоқларини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.

    ««Очиқ осмон» режими мамлакат фуқаро авиациясини мустаҳкамлаш, аҳолининг диверсификацияланган ва ҳамёнбоп авиачипталар ҳамда юк ташувларга бўлган ўсиб бораётган талабини қондириш, шунингдек авиапарк «ёшариши» ҳисобига парвозларнинг юқори хавфсизлик даражасини таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, бу Осиё, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги транзит ҳисобига парвозлар географиясини кенгайтириш, авиачипталар нархини сезиларли даражада пасайтириш, авиаташувлар бозорида маҳаллий кам бюджетли авиакомпаниялар ривожи, авиация соҳасидаги халқаро бошқарув компанияларни жалб қилиш ва бизнес-авиацияни ривожлантиришга туртки беради», — дея хулоса қилади Ташиш тизимини яхшилашга кўмаклашиш бўлими бошлиғи.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Ўзбекистон аэропортлари хорижий авиакомпаниялар учун очилмоқда