ТИВ Туркияда бўлиб турган ва ушбу давлатга бормоқчи бўлган фуқароларга мурожаат қилди

  • 20 август 2019, 13:27
  • 1 500
  • Жамият
  • ТИВ Туркияда бўлиб турган ва ушбу давлатга бормоқчи бўлган фуқароларга мурожаат қилди
    Ташқи ишлар вазирлиги Туркияда бўлиб турган ва энди ушбу давлатга бормоқчи бўлган фуқаролардан ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилишни сўради.

    «Ҳурматли ватандошлар!
    Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Республикасининг қатор фуқароларида Истанбул аэропортида учиш олдидан жарима тўлаш билан боғлиқ муаммолар ва уларни ижтимоий тармоқларда муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётганини инобатга олиб, сизлардан ушбу давлатда ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилишни сўраймиз.

    Маълумки, 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Туркия ҳукумати Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Эслатиб ўтамизки, паспортининг амал қилиш муддати тугашига 90 кундан кам қолган фуқаролар Туркия ҳудудига киритилмайди, гарчи ушбу давлат ҳудудида бўлиш режаси 90 кундан кам бўлса ҳам.

    Қарорга биноан, мазкур мамлакат ҳудудида 90 кундан ортиқ юрган ва мавжуд қоидани (визе иҳлали) бузган фуқаролар Туркиядан кетиш чоғида аэропортда белгиланган миқдорда жарима тўлашга мажбурдирлар.

    Жарималар миқдорини аниқлаш ва уни тўлаш фақатгина фуқароларнинг кетиши олдидан рўйхатдан ўтиб, қўлларига учиш талонларини олгандан сўнг амалга оширилади.

    Янги Истанбул аэропортида жарималар миқдорини аниқлаш ва тўлаш ишлари фақат 2 та дарчада амалга оширилаётганини инобатга олишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.

    Қайд этилишича, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бош консулхона «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Истанбул шаҳридаги ваколатхонаси билан музокаралар ўтказди. Унда Туркияда 90 кундан ортиқ турган ва ватанга кечикишларсиз ўз рейсида қайтишни истайдиган Ўзбекистон фуқаролари Истанбул аэропортига вақтлироқ бориб, олдиндан рўйхатдан ўтишлари ва белгиланган жарималарни тўлашлари мумкин.

    Кечки авиарейсларда учиши лозим бўлган йўловчилар куннинг биринчи ярмида (эртлабки рейсга рўйхатдан олиш вақтида) рўйхатдан ўтишлари ва кун давомида жарима ва тўловларни ўз вақтида амалга оширишлари мумкин.

    «Бош консулхонаси Туркиянинг Айдин, Баликесир, Билежик, Бурса, Чанаккале, Эдирне, Истанбул, Измир, Измит, Киркларели, Маниса, Сакария ва Текирдоғ каби вилоят ва шаҳарлари ҳамда Болгария ва Руминия ҳудудларида бўлиб турган фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

    Зарур ҳолатларда фуқароларимиз Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилишлари мумкин (+90 212 323-20-37, факс: +90 212 312 20 40, э-маил: uzbekconsul@yahoo.com).

    Шунингдек, ҳамюртларимиз фавқулодда вазиятларда ёки дам олиш кунлари қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин +90 507 853 15 66 (WhatsApp, Telegram, Viber, IMO).

    Ушбу йўналишда сиз билан амалий ҳамкорлик ўрнатишга умид қиламиз. Таклиф ва изоҳларингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз», — дейилади хабарда.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » ТИВ Туркияда бўлиб турган ва ушбу давлатга бормоқчи бўлган фуқароларга мурожаат қилди