date
views 3 277

Яккабоғда ёқиб юборилган «замҳоким» билан уни ёқиб юборган тадбиркор ярашиб олди

Яккабоғда ёқиб юборилган «замҳоким» билан уни ёқиб юборган тадбиркор ярашиб олди
Фото: Видеодан лавҳа
Яккабоғда тадбиркорнинг савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўконини бузишга уринган ҳоким ўринбосари ва унга бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркор ярашиб олди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаевнинг устига бензин сепиб, уни ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомовга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилинган эди.

Шу муносабат билан 30 август куни Баҳриддин Исомовнинг хонадонида тадбиркорнинг озод қилингани шарафига маросим уюштирилган ва унга меҳмонлар таклиф қилинган. Тадбирда ўша воқеалардан сўнг ҳоким ўринбосари лавозимидан ҳайдалган Мансур Тўймаев ҳам қатнашган.

«Мансур Тўймаев ва Баҳриддин Исомов ярашиб олганлиги ва бир-бирига нисбатан ўзаро даъвоси йўқлигини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу иш бўйича тергов якунига етган ва 30 август куни айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судига юборилган.

Баҳриддин Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25 («Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш»), 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») 2-қисми «г,л» бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов давомида унга нисбатан эълон қилинган айблов ЖКнинг 25, 98-моддасига («Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш») қайта малакаланган.

Яккабоғ тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Мансур Тўймаевга нисбатан эса ЖКнинг 192[1]-моддаси 3-қисми «а» банди («Кўп миқдорда зарар етказган ҳолда хусусий мулк ҳуқуқини бузиш») ва 206-моддаси 2-қисми «а» банди («Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») билан айблов эълон қилинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яккабоғда ёқиб юборилган «замҳоким» билан уни ёқиб юборган тадбиркор ярашиб олди