10:37 / 05.09.2019
4 213

Халқ таълими вазири Тошкентдаги Шавкат Мирзиёев шароитларини танқид қилган мактабда бўлди (видео)

Халқ таълими вазири Тошкентдаги Шавкат Мирзиёев шароитларини танқид қилган мактабда бўлди (видео)
Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати
4 сентябрь куни Ўзбекистондаги 9904 та давлат умумтаълим муассасаларида «Билимлар куни»га бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов шу куни Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактабига келди.

Вазир мактаб ходимлари, ота-оналар ва ўқувчиларни янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Ўқувчиларни яратилаётган барча шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда пухта билим олишга чақирди.

Шерзод Шерматов мактабнинг 1-синф ўқувчиларига «Президент совғаси»ни топширди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати
Бу йил «Президент совғаси» таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилган. Жумладан, ўқувчиларга ёруғлик қайтаргич элементлари бўлган портфеллар топширилди. Бундай портфеллар болаларнинг йўлда ҳаракатланганида хавфсизлигини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10 май куни Учтепа туманига ташрифи давомида 238-мактаб ҳолатини танқид қилган эди. Шунингдек, мактаб қувватини ошириш ҳамда шарт-шароитларни яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берилганди.

3,5 ой давомида олиб борилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида мактаб қуввати 1200 дан 2100 га ошди. Болалар учун ўқиш, спорт билан шуғулланиш учун қўшимча 300 хонадан иборат 900 ўринли иккита корпус, 220 ўринли фаоллар зали, махсус фан хоналари, 4 та лингафон хонаси, 2 та спорт залини ўз ичига олган спорт комплекси, замонавий стадионлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шавкат Мирзиёевнинг Учтепа туманига ташрифидан сўнг, Тошкент шаҳридаги мактаблардаги шарт-шароитлар ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида қурилганидан бери таъмирланмаган ва реконструкция қилинмаган 16 та мактаб аниқланди.

Натижада Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 17 август куни «Тошкент шаҳри умумтаълим мактаблари фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 2019—2020 йилларда Тошкент шаҳрида янги мактаблар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун 800 миллиард сўм ажратилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Халқ таълими вазири Тошкентдаги Шавкат Мирзиёев шароитларини танқид қилган мактабда бўлди (видео)