date

Сурхондарё ҳокими ўринбосари ўз никоҳ тўйини намунавий тарзда ўтказди

Сурхондарё ҳокими ўринбосари ўз никоҳ тўйини намунавий тарзда ўтказди
Фото: Telegram / @axborot_xizmati
Термиз шаҳрида 7 сентябрь куни намунали тўй ўтказилди, дея хабар бермоқда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати. Анваржон ва Мунисахон Ориповларнинг никоҳ тўйида 167 киши қатнашган.

«Энг яқин қариндошлар, кичик жамоа, келин-куёвнинг оила аъзолари иштирокида ихчам, дабдабадан холи ўтказилган висол оқшомида куёвнинг ота-онаси Ҳамид ака ва Муборак опанинг меҳмондўстлик, хушмуомалалик ҳислатлари намоён бўлди, орзу-ҳаваслари ушалди», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Маълумот учун, Анваржон Орипов Сурхондарё вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ҳисобланади.

Қайд этиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев тўйларни ихчамлаштириш, намунавий тарзда ўтказиш ҳақида бир неча бор фикр билдирган эди. Хусусан, 2018 йил мартидаги чиқишида тўйлардаги меҳмонлар сони 150 кишидан ошиши мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган, 2018 йил июлида эса Тошкентнинг Олмазор тумани аҳолисига 50 кишилик намунавий тўйларни бошлаб беришни таклиф қилган эди.

Шундан сўнг Олмазор туманида 100 киши иштирокида камида иккита тўй ўтказилгани маълум бўлди. Бундан ташқари, Андижон вилоятида олмазорлик куёв иштирокида 30 кишилик тўй маросими ҳам ташкил этилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарё ҳокими ўринбосари ўз никоҳ тўйини намунавий тарзда ўтказди