18:43 / 13.09.2019
3 073

Кўзойнак «лупа»сида КАААТТА бўлиб кўринаётган 400 минг сўм...

Кўзойнак «лупа»сида КАААТТА бўлиб кўринаётган 400 минг сўм...
Коллаж: Муҳиддин Солиев /«Xabar.uz»
Курраи замин чархпалаги бизнинг рухсатимизсиз ҳам айланаверади. Бу бизнинг хоҳиш-иродамизга боғлиқ эмас. Аммо боғлиқ бўлганларига ҳам бепарво қараётгандекмиз. Олий таълим тизимидаги баъзи сўнгги янгиликлар эса бизни роса «хурсанд» қилмоқда.

Аҳоли фақат шаҳарларда яшамаслигини ҳисобга олсак, талабаларнинг ярмидан кўпи қишлоқ ҳудудларидан шаҳарларга ўқиш мақсадида келади. Университетлар эса талабаларнинг ҳатто ярмини ҳам ётоқхона билан таъминлай олмайди (ўша «пешонаси ялтираган»лар ҳам ётоқхона учун тўлов қилишади). Тураржойларнинг нархи ошди, контрактлар ошди, стипендиялар ошди(?!), бир сўз билан айтганда, ҳамма нарса ошди. Камига пойтахт ҳудудида ижарага уй топиш ҳам муаммо. Яшаса бўладиган квартираларнинг нархи энг камида 200$ дан 350$ гача. Шунақа — Тошкентда ижара ҳақини долларда ҳисоблашади. Буёқда долларнинг ошгани-ошган.

Креслода ўтириб, кўзойнакни қўндириб, қилаётган иши фақат яхшиликка экани ҳақида турли эртаклар тўқиш мазза. Бой камбағални, бахтли бахтсизни тушунмайди дейишади. Ростан ҳам, бундай қарор чиқараётганларнинг пулга муҳтож эмаслиги аниқ. Шундай экан, қаердан ҳам билсин оддий талабанинг ҳолини.

Наҳотки ўша кўзойнакнинг «лупа»сида КАААТТА бўлиб кўринаётган 400 минг сўм талабанинг энг зарурий эҳтиёжлари яримини ҳам қоплай олмаслигини тушуниб етишмаса?! Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ошади-ю, стипендиялар…

Шу пайтгача шу пул билан яшаган қанча талаба бор дейишади. Ҳа, улар «3»га ёпаверишган. Диплом қўлга келса, бўлди-да. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 634 880 сўм-у, стипендия 400 000 сўм. «Мантиқ» ана шу ердами дейман, ахир талаба меҳнат қилмаяпти, ўқияпти.

Майли, талабанинг қўлидан нима ҳам келарди. Энди «3»лик стипендия олиш учун, «3» олмаслик учун тиришади. Ҳарна 400 000 сўм. Диплом олиш учун 4 йил чидайди-да! Аксари мажбур — келажакда яхши мутахассис бўлиш учун эмас, шунчаки яшаш учун курашади. Қорин оч қолганида ишлайди… Ишлайдими ё ўқийди? Керак бўлса, ҳаммасини бажаради. Яхши кадр бўлиш учун ўқиш керак. Ўқиш учун эса ейиш керак. Ейиш учун... Ҳа майли, емай, ичмай ўқийди-да, начора.

Бўлажак кадрларни, уларнинг ўқишига ҳар томонлама қулайлик яратиш ўрнига, нархларни ошириб, стипендияни тушириб кутиб олмоқдамиз. Ўтган семестрни «4» ёки «5»га ёпган, августдаги ойликларнинг оширилишидан қувониб, турли режалар билан янги мавсумни бошлаган талабалар, энди зарурати учун қўшимча пул кераклигини тушуниб, аста-секин иш излашга киришмоқда (кошки эди, пропискасиз талабага иш ўлгур осонгина топилса). «Кўп гап — ...» (ўша мақол). Бир депутатимиз айтганидек, шўринг қурсин, талаба!
Санжар Шомуродов,
талаба

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кўзойнак «лупа»сида КАААТТА бўлиб кўринаётган 400 минг сўм...