10:13 / 19.09.2019
3 005

Ботир Парпиев: «Таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатиш» деган жумла фақат қоғозда қолиб кетяпти

Ботир Парпиев: «Таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатиш» деган жумла фақат қоғозда қолиб кетяпти
Фото: Республика маҳаллалар кенгаши
Аввал хабар берганимиздек, Сирдарё туманида Республика маҳаллалар кенгаши томонидан Ички ишлар вазирлиги ва «Нуроний» жамғармаси билан ҳамкорликда «Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кекса авлод вакилларининг ўрни» мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда қайд этилишича, вилоятда маҳаллаларнинг моддий-техника таъминоти билан боғлиқ камчиликлар талайгина. Маълум бўлишича, Сирдарё вилоятидаги 222 та маҳалладан 177 тасининг хизмат биноси ўз балансида эмас, шундан 43 та маҳалла 1 хонали, 72 та маҳалла 2 хонали бинода фаолият юритади. Бундан ташқари, 66 та маҳалла таълим ва тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган.

2019 йил давомида 62 та маҳаллани таъмирлаш, 24 тасини реконструкция қилиш, 30 тасини янгидан қуриш белгиланган, аммо тўққиз ой ичида ҳеч қандай иш қилинмаган.

26 та маҳалла янги мебел жиҳозига муҳтож. Вилоят бўйича бор-йўғи 43 та маҳалла хизмат телефони ҳамда 37 таси электрон ахборот алмашув тармоғига уланган. 178 та маҳаллада эса хизмат телефони ҳам, интернет тармоғи ҳам мавжуд эмас.

Сайхунобод туманидаги «Иттифоқ», «Нуробод», «Нурли йўл» маҳаллаларининг хизмат бинолари туман ҳокимининг қарори билан тадбиркорларга бериб юборилган. Мирзаобод тумани «Йўлдошобод» ва «Боғистон» фуқаролар йиғини хизмат биноси эса туман ҳокимининг қарори билан «Беккластер» компаниясига берилган.

Энг ачинарлиси, 2018 йилнинг 1 декабрига қадар қуриб битказилиши керак бўлган 11 та «Маҳалла маркази»дан фақат 2 таси Оқолтин ва Сардоба туманларида қурилган.

Шунингдек, вилоятдаги ўз хизмат биносига эга бўлмаган жами 10 та фуқаролар йиғини мутлақо номуносиб шароитда ишлаяпти. Жумладан, Боёвут тумани «Қаробчи», Гулистон тумани «Юлдуз», Мирзаобод тумани «Йўлдошобод», Оқолтин тумани «Янги ҳаёт», Сардоба тумани «Зомин», Сайхунобод тумани «Фаровон», Сирдарё тумани «Камолот», Ховос тумани «Қайирма», Ширин шаҳар Мирзо Улуғбек, Янгиер шаҳар «Наврўзобод» МФЙлар фуқароларнинг уйида ва бошқа бўш биноларда фаолият юритмоқда.

Ҳақли савол туғилади — бундай ноқулай иш шароитида фаолият кўрсатаётган фуқаролар йиғинларидан қандай яхши натижа кутиш мумкин?

Республика Маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Ботир Парпиев томонидан маҳаллаларда ташкилотлараро ҳамкорликнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги эътироф этилиб, аҳоли муаммолари билан ишлаш борасида қатор камчиликлар санаб ўтилди:

— Айрим маҳаллаларда фуқаролар йиғини ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни қониқарли деб бўлмайди. Бунинг натижасида аниқланган муаммолар тегишли мутасаддиларга вақтида тақдим этилмаяпти, уларнинг бартараф этилишини ҳеч ким назорат қилмаяпти. «Таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатиш» деган жумла фақат қоғозда қолиб кетяпти. Натижада аҳолида маҳаллага ҳамда тегишли мутасаддиларга нисбатан норози муносабат юзага келмоқда.

Маърузачи таъкидлаганидек, «оилага кириб, муаммони аниқладик дегани, бу халқнинг дарди билан яшаяпман дегани эмас. Одамлар учун натижа муҳим, натижага эриша олмаяпсизми, демак, сиз вазифангизни уддалай олмаяпсиз. Оилаларга кирилдими, уларнинг муаммоси билан қизиқилдими, қандай муаммо бўлишидан қатъий назар, албатта бартараф этилиши керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ботир Парпиев: «Таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатиш» деган жумла фақат қоғозда қолиб кетяпти