Мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш уларнинг қимматлашишига сабаб бўлади

  • 21 сентябрь 2019, 22:26
  • 749
  • Жамият
  • Мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш уларнинг қимматлашишига сабаб бўлади
    20 сентябрь куни пойтахтимиздаги «Тараққиёт стратегияси» марказида Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида «Қонунчиликдаги янгиликлар» матбуот анжумани ташкил этилди.

    Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори тўғрисида ҳам соҳа вакиллари томонидан маълумот берилди.

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Машанпин журналистларнинг мазкур тартибга оид саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

    — Ушбу тизимни йўлга қўйишдан мақсад нима? Мобил қурилма фойдаланувчиларига қанчалик аҳамияти бор?
    — Мазкур янги тартиб тўлиқ йўлга қўйилгач, фуқаролар учун қатор афзалликлар туғилади. Аввало, мамлакат ҳудудига ноқонуний тарзда кириб келаётган мобил алоқа воситалари савдосига чек қўйилади. Иккинчидан, фойдаланувчиларнинг шахсий телефонини йўқотиш ёки ўғирлатиш ҳолатлари анча камайиб, келгусида ўғирланган алоқа воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ҳамда фош қилиш бирмунча осонлашади.

    ИИВ берган маълумотга асосан, охирги уч йил давомида содир этилган қонунбузарлик ёҳуд ўғирлик ҳолатининг ҳар учинчисида мобил телефоннинг йўқотилиши ёки уни зарар кўриши билан боғлиқ фактлар мавжуд.

    Учинчидан, республикамизга сифатсиз мобил қурилмаларни ноқонуний йўл билан кириб келиши бартараф этилса, фойдаланувчилар саломатлигига зарар етиш ва алоқа хизматларининг сифати тушиши каби муаммолар кузатилмайди.

    Тўртинчидан, харидорлар учун алоқа воситасини сотиб олиш пайтида унинг мақомини текширишга, маҳсулот сифати кафолатлилигини билиб олишга имкон яратилади. Бешинчидан, контрабанда ва контрафакт абонент қурилмаларининг ноқонуний савдосини чеклаш ҳисобига Ўзбекистон телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳити ривожланади.

    — Рўйхатдан ўтказиш жараёни неча босқичда амалга оширилади?
    — Мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёни уч босқичда ўтказилади:
    Илк босқич — шу йилнинг 1 апрелидан бошланган ва бу 1 ноябрга қадар давом этади. Унда барча мобил алоқа терминаллари автоматик тарзда бепул, фойдаланувчиларнинг иштирокисиз, фақатгина алоқа операторлари томонидан UZIMEI базасига ўтказилмоқда.

    Иккинчи босқич — бир ой давом этади, яъни 1 ноябрдан 1 декабргача. Бу муддат ичида жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам мобил қурилмаларни бепул рўйхатдан ўтказишади. Бу жараён почта алоқа бўлимлари, SMS ва USSD сўровлар, UZIMEI тизими оператори ва Ўзбекистон Республикасининг ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

    Учинчи босқич — 1 декабрдан бошланади ва пулли асосда рўйхатга олинади.

    — IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш учун қанча миқдорда ҳақ тўланади?
    — Пул қиймати қарорда белгиланганидек, импорт қилувчилар учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 20 фоизи, ишлаб чиқарувчиларга 10 фоизи, жисмоний шахслар учун эса 30 кун давомида мурожаат қилса 20 фоизи, бир ойдан ошиб кетса 25 фоизи миқдоридадир. Туристлар, вақтинчалик Ўзбекистонга ташриф буюрганлар учун эса 30 кун мобайнида бепул, ундан ошса 20 фоизли тўлов талаб этилади.

    — Шу кунгача қанча қурилма рўйхатга олинди?
    — Бугунги кунга қадар 29 миллиондан зиёд қурилмаларга IMEI кодлари автоматик тарзда рўйхатдан ўтди. Шундан 500 мингтаси халқаро стандартларга жавоб бермайдиган IMEI кодларидир. Бундай сифатсиз телефонларни 1 ноябрга қадар ишлатиб, автоматик тарзда регистрация қилиб олиш мумкин. 1 ноябрдан сўнг улар рўйхатдан ўтказилмайди ва бу қурилмалардан телефон сифатида фойдаланиш имкони бўлмайди.

    — Ўзбекистонга ўтган саккиз ой давомида қанча мобил қурилма олиб кирилади?
    — Давлат статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга кўра, шу йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонга 115 мингта мобил телефонлар қонуний йўл билан олиб кирилган. Ваҳоланки, республикамизда 22 миллиондан ортиқ мобил алоқа фойдаланувчилари мавжуд.

    Ўрганишлар натижасида дунёдаги барча мобил алоқа фойдаланувчиларининг 15 фоизи ҳар йили ўз ускуналарини алмаштириши аниқланди. Бу дегани Ўзбекистонда 22 миллион фойдаланувчи бўлса, камида 3 миллион қурилма ҳар йили янгиланиши керак эди. Аммо Республика ҳудудида қонуний йўл орқали олиб кирилган мобил телефонлар бор йўғи 115 мингтани ташкил қилмоқда. Рақамлар айтиб турибдики, юртимизга ноқонуний йўл билан мобил ускуналарни олиб кириш улуши жуда юқори.

    — Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ва сайёҳлар ҳам юртимиз ҳудуди ўз телефон қурилмаларини рўйхатдан ўтказишлари шартми?
    — 30 кун муддатгача бемалол фойдаланишлари мумкин. Бир ойдан кўпроқ яшашса, БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 20 фоизи миқдорида пул тўлаб, рўйхатдан ўтказишади. Ўзбек фуқароси бўлмаганлар хориж сим картасидан фойдаланганда регистрация қилиши шарт эмас. Маҳаллий оператор сим картасини 30 кундан ортиқ муддатда фойдаланса, регистрация қилиши лозим.

    — Ўғирланган ёки йўқотилган, «қора рўйхат»га тушган телефонни харид қилса, ишлатса нима бўлади?
    — Телефонга сим карта қўйганидан кейин алоқа оператори томонидан бу телефон ўғирланган ёки йўқотилганлар рўйхатида экани, қурилмани ички ишлар бўлимига топшириш кераклиги ҳақида СМС хабар келади.

    — Ўзбекистонда «қора рўйхат»га киритилган телефонни бошқа давлатларда фойдаланса бўладими?
    — Ўзбекистонда «қора рўйхат»га киритилган қурилмалар GSMA халқаро ташкилоти базасига киритилади. GSMAга аъзо бўлган 40 дан ортиқ давлатда бу телефон ишламайди. Бошқа давлатда «қора рўйхат»га тушган қурилмалар ҳам Ўзбекистонда ишламайди.

    — Қурилманинг IMEI коди мақомини текшириш пуллими?
    — Бу билан боғлиқ тизим операторидан барча SMS хабарлар ва абонентлардан SMS/USSD сўровлар бепул асосда амалга оширилади. IMEI рақами рўйхатга олинганини uzimei.uz сайти ёки мобил операторига SMS/USSD сўрови юбориш орқали билиб олиш мумкин. Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.

    — Компьютер, ноутбук ва шунга ўхшаш қурилмалар ҳам пулли равишда рўйхатдан ўтказиладими?
    — Йўқ. 1 декабрдан фақатгина телефон, смарфон ва планшетлар пулли асосда рўйхатдан ўтказилади, холос.

    — Фойдаланувчилар ишлатилмаган мобил қурилмаларни ҳам рўйхатдан ўтказиб қўйиши керакми?
    — Албатта. Агар фуқаролар вақтинча фойдаланмаётган қурилмаларини 1 ноябргача бир марта сим карта қўйиб ишлатишса, антенна кўриниши билан IMEI маълумотлари мобил оператори орқали UZIMEI базасига автоматик равишда киритилади.

    — Агар телефонда икки ва ундан ортиқ сим карта слоти мавжуд бўлса, ҳар бири алоҳида регистрация қилинадими?
    — Ҳа, телефон қурилмаларида ҳар бир слот учун алоҳида IMEI рақами бириктирилади. Агар иккинчи ёки учинчи слотдан ҳам фойдалансангиз, уни ҳам рўйхатдан ўтказишга тўғри келади. Телефонингизда битта сим карта бўлиб, иккинчиси бўш турган бўлса, 1 ноябргача сим карталар ўрнини алмаштириб, қурилмани ёқсангиз, иккинчи слот ҳам автоматик тарзда рўйхатдан ўтади. Бу бажарилмаса, 1 декабрдан сўнг 2-слотдан фойдаланиш учун пул тўлашингизга тўғри келади.

    — Қурилма IMEI рақамининг рўйхатга олиниши билан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари йиғилиб, телефонлар кузатилиши мумкинми?
    — Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика марказида фуқароларнинг шахсий маълумотлари сақланмайди. Бошқа маълумотлар мобил операторлари ва ҳуқуқ-тартибот органларида сақланади. Эртага бировнинг телефони йўқолса ёки ўғирланса, ИИВ томонидан марказга маълум IMEI рақамини ўчириш сўрови келади. Бу IMEI рақами барча мобил операторлари базасида блокланади.

    — Мазкур тартиб қўшни мамлакатларда ҳам жорий қилинганми?
    — Қозоғистонда шу йилнинг май ойидан бошлаб йўлга қўйилди. Қирғизистонда ҳаракатлар бошланган, йил якунигача жорий этилиши режалаштирилган. Тожикистон ва Туркманистонда эса бу тўғрисида энди ўрганиш ишлари кетмоқда. Ҳозирги пайтда энг катта жараён фақат бизда бўляпти. Ушбу тартиб Россия Федерациясида мавжуд эмаслиги боис улар бизнинг тажрибамиз ва Низомни ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга келишмоқчи. Туркия, Озарбойжон каби давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиб, ҳам фуқаролар, ҳам давлатга қулайлик яратишга қарор қилганимиз қўшни мамлакат мутахассисларида ҳам қизиқиш уйғотмоқда.

    — Тизим тўлиқ амалга оширилса, Ўзбекистонда телефон қурилмалари нархига қанчалик таъсир кўрсатади?
    — Албатта, нархлар қимматлашади. Сабаби бу ҳолатда фақатгина қонуний равишда олиб кирилган қурилмалар рўйхатга олинади. Бунда божхона ва солиқ харажатлари, шунингдек IMEI учун тўланган миқдор ҳам телефон нархига қўшилади. Кейинчалик соғлом рақобат муҳити шаклланиб, энг катта телефон компанияларининг расмий ваколатхона ва дўконлари, хизмат марказлари очилса, нархлар тушиши мумкин.

    Миролим ИСАЖОНОВ ёзиб олди

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш уларнинг қимматлашишига сабаб бўлади