
Бозорлар, дўконларда қўлбола усулда, яширинча тайёрланган яхна ичимликлар сотилишини бартараф этиш бўйича тадбирлар ўтказилди. Хусусан, департаментнинг вилоят бошқармаси ва Қувасой шаҳар бўлими ходимлари Марғилон шаҳрида ўтказган тадбирда “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадон кўздан кечирилди.
Хонадонда яшовчи Самадбек Саидқаҳҳоров (коллеж талабаси, исм-фамилиялар ўзгартирилган) қўлбола тарзда ичимлик тайёрлаб сотаётгани аён бўлди. Холислар иштирокида хонадон омборхонасидаги яширин цехдан кислород баллони, газлаштириш дастгоҳи, бир ярим ва бир литрлик юздан зиёд пластмасса идишга қуйилиб тайёрлаб қўйилган “Coca-cola”, “Pepsi-cola”, “Fanta” ичимликлари, қопқоқлар, қадоқлаш учун целлофан пакетлар ва бошқа ашёлар олинди. Вилоят давлат санитария-эпидемиология маркази қўлбола усулда тайёрланган мазкур ичимликлар истеъмолга яроқсизлиги, хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги ҳақида хулоса берди.
— Кислород баллони ва газлаштириш дастгоҳини Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесидаги темир бозоридан сотиб олгандим, — дейди айбига тўлиқ иқрор бўлган С.Саидқаҳҳоров. — Ичимликларни бир ўзим тайёрлаб дўконларга топширганман. Марғилон шаҳридаги спиртли ичимликлар дўконларига донасини 2000 сўмдан ўтказганман.
Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидай, ғайриқонуний даромад орттиришга уринган “ишбилармон”нинг қилмишига чек қўйилди. Суд ёшлиги, астойдил пушаймонлигини инобатга олган ҳолда унга жарима жазосини тайинлади.
Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси орқали Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими бошлиғи Камолжон Юлдашев маълум қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар