Олий суд « ...суд раисига нисбатан суриштирув бошлангани»ни инкор этди

  • 12 октябрь 2019, 15:45
  • 830
  • Жамият
  • Олий суд « ...суд раисига нисбатан суриштирув бошлангани»ни инкор этди
    Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати «Озодлик» радиоси веб-сайти ва «Bugunuz» Telegram-каналига таяниб тарқатилаётган «Қамоқдан қайтибоқ ўлган фуқарога ҳукм ўқиган судья устидан суриштирув бошлангани»ни инкор этди.

    Маҳкама матбуот хизматининг маълум қилишича, тарқатилган маълумотларнинг судга оид қисми ҳақиқатдан мутлақо йироқ.

    Воқеликка кўра, Фарғона вилояти Фурқат туман маъмурий суди (раиси А.Миножиддинов) томонидан фуқаро А.Қодиров (1958 й.т.) МЖтКнинг 183-моддасида («Майда безорилик») кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

    Тарқатилган хабарлардаги суд раиси гўёки «мавжуд қоидага зид тарзда 60 ёшдан ошган кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинлаб, ўз вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланаётгани» ҳақиқатга тўғри келмайди. Шунингдек, унга (суд раисига) нисбатан Фарғона вилоят прокуратураси назорат тартибида суриштирув бошлагани оид маълумотлар хусусида ҳам гап шу.

    Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 29-моддаси 2-қисмида маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши мумкин бўлмаган ҳолатлар кўрсатилган. Унга кўра, ҳомиладор, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган, шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин эмас.

    Кўринадики, олтмиш ёшдан ошган шахслар нисбатан бундай жазо тури белгиланишига қонун монелик қилмайди. Суд қарорига нисбатан ҳуқуқбузар шикоят, прокуратура эса протест келтирмаган, бу эса жазо қонун доирасида тайинланганини англатади. Суд қарори қонуний кучда, яъни бекор қилинмаган экан, гўёки «ўз вазифасини суиистеъмол қилганлик» важи билан суд раисига нисбатан суриштирув ўтказилаётгани оддий мантиққа тўғри келмайди. Бу шунчаки ҳуқуқий саводсизликми ёки атайинлик аломатими - хабар муаллифларининг виждонига тан.

    А.Қодиров жазони ўтаб қайтганидан бир кун ўтиб, ўз уйида вафот этгани алоҳида, айтиш шартки, ўта жиддий масала. Бундай ҳолатга суд тартибида эмас, балки тергов йўли билан ойдинлик киритилади. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ўлими жазони ўташ жойида олган тан жароҳатига боғлиқ экани айтилмоқда. Айни пайтда ИИБ ходими А.Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олинган.

    Тергов ҳаракатлари Фарғона вилояти прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Олий суд « ...суд раисига нисбатан суриштирув бошлангани»ни инкор этди