16:11 / 12.10.2019
3 336

Сенат судьяларнинг махсус кийими намунасини тасдиқлади

Сенат судьяларнинг махсус кийими намунасини тасдиқлади
Олий Мажлис Сенати 12 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Юқори палата ялпи мажлисида қайд этилишича, судьяларнинг махсус кийими таснифи ва намуналарини ишлаб чиқишда нафақат миллий қадриятлар, балки хорижий давлатлар, яъни АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилган.


“Бу масала 30 йилдан бери кўтариб келинади. Қонунда бор, амалда эса... Мана судга ўша пайтда бўлган муносабат... Сўнгги уч йилдаги ислоҳотларни гапирсам, соатлаб вақтларингни оламан.

Судьялик махсус кийимининг жорий этилиши жуда ҳам муҳим. Бунда Олий Суд раиси ҳам, туман суди раиси ҳам бир хил мақомга эга – кийими ҳам бир хил. Кийим фақатгина суд мажлисларида кийилади. Сайёр судларда ҳам, апелляция, кассация, раёсат, ҳатто пленум мажлисларида ҳам. Иккинчидан, бу кийим ҳам катта масъулият юклайди”, – дейди Олий суд раиси Козимжон Комилов.

Қайд этиш керак, "Судлар тўғрисида"ги қонуннинг 84-моддасида судьялар суд мажлисини махсус кийимда олиб бориши белгиланган. Ушбу моддага мувофиқ, судьянинг махсус кийими тавсифи ва намуналари Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланади.

Сенатор Абдуқодир Тошқулов судьялик махсус кийимига доир айрим жиҳатларга тўхталиб ўтди. Унга кўра:
- республика судлари судьялари учун махсус кийим ранги тўқ-кўк, Конституциявий суд судьялари учун эса тўқ-олча рангда бўлади;
- махсус кийим таркиби 70 фоиз жундан иборат бўлади;
- тўплам махсус кийим, манишка ва ипак бўйинбоғ-пластрондан иборат бўлади ва у судьяларнинг индивидуал тана ўлчамлари бўйича, фақатгина судьялик гувоҳномаси асосида буюртмага қабул қилинади;
- судьялик махсус кийимининг тўплами учун ишлатиладиган мато қишки ва ёзги ҳолати бўйича ўзгариши мумкин;
- махсус кийимининг фойдаланиш муддати – 2 йил.

Тошқуловнинг қўшимча қилишича, судьялик махсус кийимининг жорий этилиши одил судловни амалга ошириш борасида умумэътироф этилган халқаро тамойилларнинг миллий қонунчиликка жорий этилиши ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузи ошишига хизмат қилади.
Сенаторга кўра, судьялик махсус кийими жорий этилиши давлат бюджетидан 500 млн. сўм қўшимча харажатларни талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда судьяларнинг махсус кийимини белгилаб қўйиш 2019 йилги давлат дастурида белгиланган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенат судьяларнинг махсус кийими намунасини тасдиқлади