13:46 / 14.10.2019
2 251

Марказий банк валюта нақдлаштиришда олинадиган комиссия юзасидан баёнот берди

Марказий банк валюта нақдлаштиришда олинадиган комиссия юзасидан баёнот берди
Марказий банк нақдлаштириш жараёнида комиссия олинаётганлиги тўғрисидаги хабарлар юзасидан баёнот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунига асосан, банк тижорат ташкилоти бўлиб, банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақилдир.

Халқаро тўлов карталари орқали амалга ошириладиган транзакциялар халқаро тўлов тизимлари (Visa, Master Card, China Union Pay ва ҳоказо) воситасида бажарилиб, ушбу тизимлар томонидан ҳар бир транзакция учун тижорат банкларидан муайян комиссия тўлови ундирилади.

Бундан ташқари, тижорат банкларининг нақд чет эл валютаси билан боғлиқ операцион харажатлари ҳам мавжуд бўлиб, улар нақд хорижий валютани Республикага олиб кириш, олиб чиқиш, қайта санаш, транспорт ва бошқа харажатларни ўз ичига олади.

Ўз навбатида, банклар хўжалик юритувчи субъект сифатида ҳамда даромад олиш мақсадида мижозлардан ундириладиган хизмат ҳақини мазкур харажатларни инобатга олган ҳолда тасдиқлайдилар. Сўнгги йилларда банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банклар ўртасида рақобат муҳити шаклланмоқда. Бу банк хизматларига ўрнатилган тарифларнинг оммабоп бўлишига ва пасайишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда банк кассалари орқали халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани нақдлаштириш учун ўрнатилган комиссия 0,5 – 1 фоиз оралиғида (айрим банкларда бепул) бўлиб, бошқа МДҲ мамлакатларидаги ушбу турдаги хизмат учун ўрнатилган тарифлардан (ўртача 2%) сезиларли даражада паст экани айтилади.

Марказий банк маълум қилишича, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мамлакатдаги барча валюта айирбошлаш шохобчалари тегишли терминаллар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 633 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари «24/7» режимида фаолият кўрсатмоқда. Марказий банк жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда ОАВ вакилларининг банк операциялари ҳамда банк соҳасидаги ислоҳотларга тааллуқли савол ва мурожаатларини кўриб чиқишга тайёр.

Халқаро тўлов карталаридаги маблағларни 1 октябридан бошлаб мамлакат ҳудудидаги банкоматлар орқали фақат миллий валюта – «сўм»да нақдлаштириш амалиёти жорий қилинди. Унга кўра, жисмоний шахс – резидентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) бевосита банк кассаларида шахсни тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти ёки ҳарбий гувоҳнома) тақдим этган ҳолда халқаро тўлов карталаридаги хорижий валютани чекланмаган миқдорда нақдлаштиришлари мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марказий банк валюта нақдлаштиришда олинадиган комиссия юзасидан баёнот берди