21:10 / 18.10.2019
2 774

Баҳриддин Исамов ва Мансур Туймаевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

Баҳриддин Исамов ва Мансур Туймаевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди
Бугун, 18 октябрь куни, жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида судланувчилар Баҳриддин Исамов ва Мансур Туймаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Азиз Обидовнинг хабар беришича, мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси Лутфулла Мамаражабов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Баҳриддин Исамов (1963 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, «Ҳисор сарлочин» МЧЖда ишчи бўлиб ишлаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,98-моддаси (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш)да тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Эҳтиёт чораси сифатида 2019 йил 21 июлдан 2019 йил 29 августга қадар 1 ой 8 кун қамоқда ўтирган кунлари тайинланган жазодан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 62-моддаси (дастлабки қамоқ вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан чегирилиб, қатъий ўташ учун 1 йил 10 ой 22 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Мансур Туймаев (1976 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, Яккабоғ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-1-моддаси (хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) 3-қисми «а» банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 510 баравари миқдорида яъни, 103 392 300 сўм жарима жазоси тайинланди. Жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланди. Туймаевнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида 61 нафар тадбиркор ва 30 нафар фуқарога етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб бериш мажбурияти Яккабоғ туман ҳокимлиги зиммасига юклатилди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.

Жиноий иш тарихи

Шу йилнинг ёзида тадбиркор Баҳриддин Исамов Яккабоғ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган Мансур Туймаев «Ҳисор сарлочин» МЧЖнинг дўконларини бузишга келганида унинг устига бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлганди.

Тадбиркор 21 июль куни Исомов Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибда ушланганди. 22 июль куни Исомовга айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Туман ҳокими ўринбосари ҳам эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиб, унга нисбатан ҳам ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш очилган эди.

17 сентябрь куни, жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида судланувчилар Баҳриддин Исамов ва Мансур Туймаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Баҳриддин Исамов ва Мансур Туймаевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

Жамият янгиликлари