09:00 / 26.10.2019
2 800

Шавкат Мирзиёев: «Энди банклар «ўз аравасини ўзи тортиши» керак»

Шавкат Мирзиёев: «Энди банклар «ўз аравасини ўзи тортиши» керак»
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 25 октябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар бергандик.

Давлатимиз раҳбари тижорат банкларининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиб, долзарб чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда банкларга қўйилган депозитларнинг 70 фоизи қисқа муддатли бўлгани ҳолда, кредитларнинг 90 фоизи узоқ муддатга берилган. Айрим банкларда жорий харажатлар даромадга нисбатан 60-70 фоизни ташкил этади.

Шу боис банкларни молиявий соғломлаштириш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Банкларнинг мижозга йўналтирилган, аҳолининг кенг қатламига мўлжалланган хизматларини кўпайтириш ҳамда кредитлаш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди. Онлайн ва мобил алоқа орқали хизмат кўрсатиш, чет элларда кенг тарқалган «скоринг» ва автоматлаштирилган модулли кредит ажратиш тизимини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Банкларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, бизнесга йўналтирилган корпоратив бошқарув тизими ва кузатув кенгашларини жонлантириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Инвестициявий жозибадорликни ошириш орқали хусусий сектор иштирокини кенгайтириш кераклиги таъкидланди.

– Энди банклар ресурс жалб этиш бўйича «ўз аравасини ўзи тортиши» керак. Шундагина бозор шароитига мос, замонавий бошқарув тизимига эга молиявий институтга айлана олади, – деди Президент.

Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Марказий банк ҳузурида ташкил этилаётган Банк ходимларини қайта тайёрлаш корпоратив маркази ва Тошкент молия институти бу борада жиддий шуғулланиши кераклиги айтилди. Банк ходимларининг мижозлар билан ишлашини рағбатлантириш, улар фаолиятини самарадорликка қараб баҳолаш индикаторларини жорий этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш сўнгида «Саноатқурилишбанк»ҳамда Халқ банкининг 2020 йил ва истиқболдаги режалари тақдимоти ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: «Энди банклар «ўз аравасини ўзи тортиши» керак»