14:00 / 31.10.2019
4 284

«Аҳмадбой»га нисбатан навбатдаги ҳукм ўқилди

«Аҳмадбой»га нисбатан навбатдаги ҳукм ўқилди
Фото: Видеолавҳадан скриншот
«Аҳмадбой» номи билан танилган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан ўтган йили жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукм чиқарган эди. Унга кўра, Аҳмаджон Турсунбоевга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганди. Шунингдек, бир йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиб, энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жаримага тортилганди.

Мазкур ҳукм ҳали совуб улгурмай, А. Турсунбоев ва бошқаларга нисбатан навбатдаги суд жараёни бошланганидан ҳам хабарингиз бор.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов айни суд якуни бўйича маълум қилди. Яъниким, 2019 йил 28 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида А. Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16 нафар) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси Х. Шермухамедов раислигида кўриб чиқилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, А.Турсунбоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а», «в» бандларида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топиб, унга ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

А.Турсунбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида, тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 майдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазолари тайинланди.

Шу билан бирга, А. Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 6-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ ва жаримани давлат даромади ҳисобига ундириш белгиланди.

Ушбу суд жараёнида 230 дан зиёд жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди ва уларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Аҳмадбой»га нисбатан навбатдаги ҳукм ўқилди