date
views 3 285

Олий таълим вазири: Талабаларга олган баҳосига қараб стипендия тўланади

Олий таълим вазири: Талабаларга олган баҳосига қараб стипендия тўланади
Иномжон Мажидов
31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Давлат дастурининг 2019 йил III чорагида бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тингланди.

Мажлисда депутат Расул Кушербаев олий таълим муассасаларида стипендиянинг баҳолар кесимида эмас, ҳаммага бир хил миқдорида – 400 минг сўм этиб белгиланаётгани жамоатчилик ўртасида кескин норозилик келтириб чиқараётгани, яхши ўқиган талабалар рағбатлантирилиши кераклиги, янги тартибга кўра бунинг акси бўлаётгани, натижада талабалар дарслардан кейин ишлашга мажбур бўлаётгани, бу эса таълим сифатига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, Ҳукуматдан мазкур масалани қайта кўриб чиқишни сўради.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовга кўра бу масала кун тартибида турибди. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида шу йилнинг 23 сентябрдан 6 октябргача муҳокама этилган Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси юзасидан жуда кўплаб таклифлар келиб тушган. Уларнинг ичида энг кўп сўралгани – дифференциациялаш, яъни талабаларнинг ўқиши натижалари инобатга олинган ҳолда стипендия миқдорини белгилаш устида ишланди.

«Билдирилган таклифлар кўплиги боис ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик таклифларидан келиб чиқиб тўлдириляпти. Тез орада бу борада низом қабул қилинади. Низомда талабаларга ўқиши натижалари инобатга олинган ҳолда стипендия белгилаш кўзда тутилган. Худди олдинги тизимда бўлгани каби. Ҳозир ҳам бир хил эмас. Ҳалиям дифференциациялашган тизим амалда. Талабалар баҳосига қараб оширилган миқдорда стипендия олишлари мумкин», дейди Иномжон Мажидов.

Аввалроқ тўлов контракти асосида ўқиётган талабанинг стипендиясиз тўлайдиган 6 миллион сўмлик шартнома пули унинг учун сарфланадиган бир йиллик харажатни тўлиқ қопламаслиги, қолган миқдор эса давлат томонидан қоплаб берилиши айтилганди.

Журналист Карим Баҳриев миллатимизнинг келажаги керак бўлса, тўлов-контракт асосида ўқишга кирган, аммо дарсларни яхши ўзлаштираётган талабаларни кейинги семестрдан бюджетга (грант) ўтказишни таклиф этганди.

Муҳокамалар авжида пайти Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ҳам бу масалага муносабат билдириб, табақалаштирилган стипендия талабаларнинг билим учун эмас, баҳо учун ўқишларига туртки бўлгани, бу ўз навбатида коррупцион ҳаракатларнинг юзага келишига замин яратишини таъкидлади. Ректорнинг фикрича, талабанинг индивидуал қобилиятларини ҳисобга олмасдан, унинг фақат қайдномадаги «5»лари эвазига ҳақ тўлаш амалиёти ўзини оқламаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олий таълим вазири: Талабаларга олган баҳосига қараб стипендия тўланади