19:53 / 05.11.2019
2 858

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенат раислари учрашди

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенат раислари учрашди
Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раисининг таклифига биноан 2019 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Олий Мажлис Сенати делегацияси қўшни мамлакатга расмий ташриф билан келди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар бермоқда.

Нурсултон халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси делегациясини Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси ўринбосари А. Шакиров, Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси С. Низамходжаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олдилар.

Ташриф давомида “2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзолаш режалаштирилмоқда.

2019 йил 5 ноябр куни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Дарига Назарбаева билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда кенг кўламли масалалар муҳокама этилди.

“2017-2019 йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлиги стратегиясининг изчил бажарилиши икки мамлакат стратегик манфаатларининг умумийлигига асосланган ўзаро фойдали ва самарали ҳамкорликни бойитишга хизмат қилди. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 733 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2019 йил январь-сентябрь ойлари давомида ўзаро савдо ҳажми 2,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди ва 23,2 фоизга ошди, шунингдек транспорт ва транзит ташиш соҳаси сезиларли ривожланмоқда”.

Парламентлараро муносабатлар ҳақида сўз борганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси икки томонлама ҳамкорликни қонунчилик нуқтаи назаридан таъминлаш бўйича биргаликда олиб бориладиган бўлажак ишлар муҳимлигига урғу берди.

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Дарига Назарбаева ўз нутқида Ўзбекистон Марказий Осиёда Қозоғистоннинг муҳим стратегик ҳамкори эканлигини таъкидлади. “Бугун Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда илдам ривожланмоқда. Бунда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Н.А.Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев хизмати асосий ўрин тутади”, – деди Қозоғистон Сенати Раиси.

Қозоғистон Республикаси Сенати Раҳбари қайд этганидек, К.К.Токаев Давлат раҳбари сифатида ўзининг иккинчи хорижий ташрифини айнан Ўзбекистонга амалга оширди ва бу муносабатларни ўзаро англашув ҳамда яқин қўшничилик руҳида мустаҳкамлашни давом эттиришга содиқликнинг яна бир исботидир.

Учрашув доирасида “2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзолаш маросими бўлиб ўтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенат раислари учрашди