Пойтахт прокуратураси ОАВ ходимлари учун уюштирган тадбир... «емади»!

  • 14 ноябрь 2019, 18:36
  • 1 374
  • Жамият
  • Пойтахт прокуратураси ОАВ ходимлари учун уюштирган тадбир... «емади»!
    1
    Кеча Тошкент шаҳар прокуратураси оммавий ахборот воситалари ходимлари учун фавқулодда матбуот анжумани уюштирди. Бу ҳақда аксарият ОАВ ходимлари тадбир вақтидан бир-бир ярим соат аввалгина воқиф этилдики, улгурган журналистлар келди, улгурмагани йўқ. Матбуот анжуманида ОАВ вакилларидан кўра прокуратура ходимлари кўпроқ бўлганининг сабаби шу. Меҳмонлардан кўра мезбонлар кўп бўлган бундай тадбир, жуда юмшоқ айтганда, ғалати кўринаркан...
    2
    Матбуот анжумани мавзусига келсак.

    Олмазор туман ҳокими собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ва «Кun.uz» сайти ходимлари ўртасидаги можародан хабарингиз бор. Ўтган куни айни масалада Тошкент шаҳар прокуратурасининг терговга қадар текшириш хулосаси эълон қилинди. Унга кўра, туман ҳокими собиқ ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатиш рад этилди. Пойтахт прокуратурасининг айни мазмундаги аввалги қарори қандай баҳс-муҳокамаларга сабаб бўлса, бунисининг акс-садоси ундан ўтса ўтдики, асло қолгани йўқ. Матбуот анжумани айни масалага ойдинлик киритиш учун уюштирилди.
    3
    Журналистларни очиқ мулоқотга чорлаб, ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликка интилаётгани эътирофга лойиқ, албатта. Бироқ мавзу мазмунидан келиб чиқилса, тадбирда бирорта янги гап янграши эҳтимоли йўқ даржада эди. Зеро, шаҳар прокуратураси ҳолат бўйича ўз тўхтамини эълон қилиб бўлган, бу ёғига уни (жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарорни) асосли ва қонуний эканини такрор-такрор таъкидлаши аниқ.

    Шундай бўлди ҳам.
    4
    Аввалига иккинчи бор терговгача текшириш ўтказиб, ҳеч кимнинг ҳаракатидан жиноят аломатларини тополмаган ходим Сайёд Жумабоевга сўз берилди. Унинг қисқа ва қуруқ ахбороти ОАВ ходимларининг энсасини қотирди, холос. Сўнг савол-жавобга ўтилди. Бериладиган саволлар, уларнинг жавоби шундоғам маълум эди. Яъниким, туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ОАВ орқали (!) журналистни пора таклиф қилганликда айблади. Ўз навбатида, журналист бу айбловларни инкор қилиб, унга нисбатан чора кўришни сўраб прокуратурага мурожаат қилди. Прокуратура эса... бир эмас, икки бор собиқ ҳоким ўринбосарининг бундай хатти-ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ, деб топмоқда. Демак, масала оппа-ойдин: таниқли блогер таъбири билан айтсак, журналистнинг пора таклиф қилгани рост бўлса, марҳамат — жавобгарликка тортилсин, ахир бу коррупция! Агар бу туҳмат бўлса, унда туман ҳокими собиқ ўринбосари жавобгарликка тортилсин, ахир бу қип-қизил муттаҳамлик!

    Савол-жавоблар масаланинг айни нуқтасида айланаверди-айланаверди... Шунга қарамай, икки соатга яқин давом этган тадбирда барчанинг «қони тўядиган» гап топилмаганига нима дейсиз?!
    5
    Дарвоқе, матбуот анжуманига прокуратура томонидан Олмазор тумани ҳокими собиқ ўринбосари А. Ваҳобов таклиф этилгани кутилмаган ҳол бўлди. Ажаб, оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган тадбирда мавзу қаҳрамонига нима бор? Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Алиакбар Пўлатовнинг жавоби шу бўлдики, можаро «Kun.uz» ходими ва А. Ваҳобов ўртасида кечган, мазкур тадбирга сайт вакиллари таклиф этилганидан келиб чиқиб, иккинчи томон сифатида собиқ ҳоким ўринбосариниям чақирдик...

    Ёпишмади! Нега? Сайт ходимлари анжуманга тараф сифатида эмас, балки журналист сифатида келди. Агар икки томон тараф сифатида таклиф этилса, масала матбуот анжуманида эмас, терговчининг хизмат хонасида муҳокама этилмайдими? Айни ҳолатда, машҳур кинодаги машҳур иборага қиёсан айтсак, «давлат жуни билан шахсий жун» аралаштирилганга ўхшади.
    6
    Айтганча, анжуман жараёнида пойтахт прокуратураси масъуллари А. Ваҳобовга ҳам сўз беришга уриниб кўрдилар. Бироқ бу уриниш журналистларнинг кескин қаршилигига учради. Агар собиқ ўринбосарнинг айтадиган гапи бўлса, марҳамат — алоҳида баёнот берсин, бу борада тажрибаси бор: журналистларга тажовуз қилгани шов-шув бўлгач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматида уюштирган суҳбатда булбулдек сайрамадими?!

    Яна бир гап. Тадбирга туман ҳокими собиқ ўринбосари таклиф этилиб, унга сўз беришга уриниш, боз пойтахт прокуратураси мутасаддиларининг «...йигирма йиллик фаолиятидан кейин бу тарзда ишдан четлатилишининг ўзи А. Ваҳбовга оғир жазо» эканини ҳамдардлик оҳангида айтишлари, рости, холислик посангиси тенг ушланмаётганидан дарак бераётгандай. Адашаётган бўлайлик, мазкур ҳолатлар прокуратура органларида сезилиб бораётган «қонунпарастлик» эмас, «ҳокимпарастлик» касалининг симптоплари бўлмасин-да, ишқилиб...
    7
    Савол туғилиши мумкин: прокуратура позицияси ҳам, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳам нуқтаи назари аввалдан аён, боз анжуманда янги гап айтилиши эҳтимоли йўқ даражада экан, тадбир уюштиришдан муддао не эди?

    Шаҳар прокурори ўринбосарига кўра, матбуот анжуманидан асосий мақсад — «Kun.uz»&«замҳоким» можароси бўйича фикр алмашиб, бир тўхтамга келиб олиш экан. Кутилганидек, анжуманда журналистлар ўз фикрида, прокуратура ўз нуқтаи назарида собит қолди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Зотан, икки ўртада қандайдир қурилиш ёки қонун лойиҳаси муҳокама этилмадики, айтилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, унга ўзгартириш ёки қўшимча киритилса. Қолаверса, прокуратура қарори анжуманда муҳокама этиладиган масалаям эмас-да. Масала ортиқча иштибоҳ қолдирмайдиган даражада қонун билан «михлаб» қўйилса, матбуот анжумани ўтказишга эҳтиёж қолмасмиди, дейсан-да.
    8
    Тошкент шаҳар прокуратурасининг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори қайта кўриб чиқилиши мумкинми? Прокурор ўринбосари буни истисно қилмади. Мазкур қарор шаҳар прокурори ёки Бош прокуратура томонидан назорат тартибида кўрилиб, бекор қилиниши ёки қонуний деб топилиши мумкин. Бунинг учун ундан (қарордан) қайси томон норози бўлса, тегишли тартибда мурожаат қилиши лозим. Туман ҳокими собиқ ўринбосари қарордан мамнун экани аён (ахир у «оппоқ» деб топилмоқда!). Kun.uz мухбирининг шикоят қилиши эса, унинг шахсий ҳуқуқи.

    Воқеалар ривожини эса вақт кўрсатади.
    9
    Нима учун айни масалага ОАВ томонидан қаттиқ эътибор қаратилмоқда? Неча ўн йиллардан бери бўғиб келинган матбуот елкасига энди-энди офтоб тегмоқда. Натижалар ҳали мақтангудек эмас, бироқ эътирофга лойиқ нарсалар ҳам анчагина. Жамият ривожини оммавий ахборот воситалари эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмас экан, соҳа вакиллари дуч келаётган ғурбатларга «битта мухбир муаммосида, бу...» қабилида қараб бўлмайди. Зеро, журналист ўзининг эмас, ўзганинг дарди-ташвиши билан яшайди. Фаолиятининг ўзак томири ҳам шу. Пировард мақсад эса прокуратура фаолияти билан уйғун: жамиятда қонун устувор бўлсин! Буни кўндаланг турган савол ҳам айтиб турибди: журналистнинг пора таклиф қилгани рост бўлса, марҳамат — жавобгарликка тортилсин, ахир бу коррупция! Агар бу туҳмат бўлса, унда туман ҳокими собиқ ўринбосари жавобгарликка тортилсин, ахир бу — қип-қизил муттаҳамлик!

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Пойтахт прокуратураси ОАВ ходимлари учун уюштирган тадбир... «емади»!