19:30 / 19.11.2019
4 948

Тошкентдан 100 км нарида Турк хоқонлиги даврига оид қабристон топилди

Тошкентдан 100 км нарида Турк хоқонлиги даврига оид қабристон топилди
Фото: Фанлар академияси матбуот хизмати
Тошкент шаҳридан 100 километр шимоли-шарқда VI-VII асрларга оид Турк хоқонлиги даври кўчманчиларининг қабристони топилди.
Қабристон Ғарбий Тяньшан тоғларининг денгиз сатҳидан 1000 метр баландликдаги этакларида жойлашган.

Ушбу қадимий қабристон сел, қор ва ёмғирлар сабабли тупроқ емирилиши натижасида очилиб қолган бўлиб, бу ҳақда археологларга Тошкент халқаро мактаби ўқитувчиси Скот Бекер хабар берган. Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари бу ерга бир кунлик тезкор дала изланиши сафари уюштириб, қабристоннинг географик ўрни, умумий майдони, қабрларнинг шаклини ўрганди, айрим юзага чиқиб қолган топилмаларни, шу жумладан, бир неча бош чаноқ суяги, сопол идишлар, темирдан ясалган ханжар, пичоқ, узанги, сувлиқ, бир неча тўқа, ёрғучоқ тош ва темир эритилган ўчоқнинг девор парчасини қўлга киритди.

Фото: Фанлар академияси матбуот хизмати
Қадимий ёзма манбалардан маълумки, VI асрда Қора денгиздан Тинч океанига қадар бўлган кенг майдонда Турк хоқонлиги деб аталган улкан империя ташкил этилган бўлиб, бу давлат Марказий Осиёдаги барча туркий халқларни марказлашган бир сиёсий уюшмага бириктирган. Тошкент вилояти эса у даврда Чоч деб аталиб, бу улкан сиёсий уюшманинг маъмурий марказларидан бири бўлган. Шарқни Ғарб билан улаб турган тижорий карвон йўллари ёқасидан ўрин олган қадимий Чоч, ўзининг қулай юмшоқ иқлими, юзлаб чучук сувли сойлари, унумдор тупроқлари, кенг дашт ва тоғ яйловлари ҳамда ер ости бойликлари билан кўплаб халқларни ўзига жалб қилган.

Фото: Фанлар академияси матбуот хизмати
Миллий археология марказида Ғарбий Тяньшан ҳудудидаги кўчманчи маданиятни ўрганиш гуруҳи тузилган бўлиб, ушбу ҳудудда кенг археологик изланишлар олиб бориш режалаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдан 100 км нарида Турк хоқонлиги даврига оид қабристон топилди