11:55 / 22.11.2019
3 162

Сайёр қабулда муаммоларга ечим топилди

Сайёр қабулда муаммоларга ечим топилди
Тошкент вилояти аҳолисининг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, фуқароларнинг турмушини янада яхшилаш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан ҳудудларда мунтазам сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Ана шундай самимий мулоқотлардан бири Оҳангарон тумани марказидан 100 километр узоқликда жойлашган тоғли Кўксарой МФЙнинг Эртошсой ҳамда Кўксарой қишлоқларида бўлиб ўтди.
Ташкил этилган мулоқотда вилоят ва туман секторлари мутасаддилари, бошқарма ва ташкилот ходимлари, мурожаатчи фуқаролар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидлаш керакки, бу галги сайёр қабул бошқаларидан фарқли равишда, 4-сектор раҳбарининг мактабларга ташрифи билан бошланди. Ташриф давомида Абдужалил Қурбонов ўқув муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, иситиш тизимининг созлиги ҳамда кўмир захираларининг мавжудлиги билан танишди. Шунингдек, мактаб битирувчилари билан суҳбатлашиб, келгусида ўз тадбиркорлагини йўлга қўймоқчи бўлган ўқувчиларга керакли тавсиялар берди.

Шундан сўнг, мутасаддилар маҳалла марказида бўлиб, аҳоли мурожаатлари билан яқиндан танишдилар. Мазкур қишлоқлар тоғли ҳудудда жойлашганлиги боис аксарият муаммолар газ таъминоти ва кўмир маҳсулотлари билан боғлиқлиги кузатилди.

Бу масала бўйича сектор раҳбари томонидан, туман ДСИ, ИИБ ва туман газ таъминоти корхонаси раҳбарларига топшириқ берилиб, шу куннинг ўзида 180 та хонадонларга 1 донадан газ баллонлари ҳамда кўмир маҳсулоти тарқатила бошланди.

- Мен Турғуной Суюнова, Кўксарой қишлоғида яшайман. Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан ўтказилган бугунги сайёр қабулдан аҳолимиз ниҳоятда мамнун бўлди. Мен ҳам яшаб турган уйимнинг таъмирталаб эканлигини, уни ремонт қилишга маблағим йўқлигини айтдим. Сектор раҳбари буни ижобий ҳал қилиб беришга ваъда берди. Менга ўхшаган ижтимоий таъминотга муҳтож бўлган қишлоқдошларимга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам берилди. Бундан ташқари қиш мавсуми олдидан кўмир ва газ баллонлари тарқатилганлиги аҳолимиз учун айни муддао бўлди.

Мухтасар айтганда, Оҳангарон тумани Кўксарой маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Кўксарой ва Эртошсой қишлоғи ҳудудида бўлиб ўтган аҳоли билан уйма-уй юриб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уй-жойини кадастр қилиш, сим ёғочларни алмаштириш, иш билан таъминлаш, йўлларни асфальт қилиш борасидаги муаммоли масалаларни ўрганиш ва уларни белгиланган тартибда ҳал этиш учун ўтказилган сайёр қабулда 181тадан ортиқ фуқаролар қатнашди ва улардан жами 184та муаммоли масалалар бўйича мурожаатлар тушди. Ушбу мурожаатлардан 175 таси жойнинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, 9 нафар фуқароларнинг муаммоли масалалари ҳал этилиши бўйича тегишли ташкилотларга йўналтирилди.

Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сайёр қабулда муаммоларга ечим топилди