Сайлов – нима? Унга бефарқликнинг оқибатлари ҳақида

  • 22 ноябрь 2019, 19:50
  • 515
  • Жамият
  • Сайлов – нима? Унга бефарқликнинг оқибатлари ҳақида
    Сайлов — шахсни депутатликка, бирор ташкилот аъзолигига ёхуд мансабга очиқ ёки ёпиқ шаклда овоз бериш йўли билан сайлаш.
    Кишиларнинг бирлашмаси жамият деб номланади. Жамият бўлиб яшаш одамларга кўплаб қулайликлар келтиради. Зеро жамиятда одамлар бирлашиб ўз ҳаётий муаммоларини ҳал қилишади.

    Жамият қанчалик жипс бўлса, шунчалик муваффақиятли бўлади. Тарқоқ бўлса – муваффақиятсиз.

    Жамиятни ҳақиқий жамият қилувчи омиллардан бири – ҳаётий қарорларни кўпчилик бўлиб қабул қилишдир. Бунинг яхши тарафи шундаки, қарорлар қабул қилишда якка шахслар ёхуд жамиятнинг баъзи гуруҳлари эмас, балки ҳамма бевосита ёки билвосита иштирок этади. Кўпчиликнинг ақлий салоҳияти ишга солинади.

    Бу нарсани рўёбга чиқариш воситаларидан бири – сайловдир. Бунда кишилар ичларидан энг салоҳиятлиларини сайлаб олишади ва уларга қарорлар қабул қилишни ишониб топшириб, улардан кенгаш тузишади. Аммо иш шу билан тугамайди – сайлаганлар сайланганлардан мудом қабул қилинган қарорлардан ҳисобот сўраб туришади, фаолиятларини кузатиб боришади.

    Шу тарзда баъзиларгина эмас, балки ҳамма жамият ишларида, қарорларни қабул қилишда иштирок этади ва шу тарзда барчанинг манфаати инобатга олинади.

    Демак, сайлов – муҳим ва керакли нарса.
    Аммо бу – сайлов ҳақиқий сайлов бўлса!

    Афсуски, кўплаб ҳолатларда сайлов ҳақиқий сайлов жиҳатларини йўқотиб қўяди. Сайловнинг асосий жиҳати деб омма ичидаги салоҳиятли, жонкуяр кишиларни сайлаб олиш деб айтдик. Агарда бу юз бермаса, яъни салоҳиятли кишилар эмас, балки баъзи гуруҳларнинг бошқаларга босим ўтказиши ёки бошқа ҳаракатлар натижасида нолойиқ кишилар сайланиб олса, унда САЙЛОВ ўзининг ҳақиқий маъносини йўқотиб қўяди. У энди жамиятга хизмат қилувчи кучли восита – сайлов эмас, бошқа нарса. Сайланганлар кенгаши эса кўпчилик манфаати учун хизмат қиладиган мажлис эмас – алламбало бошқа нарса.

    Бу эса одамларда жамият ишларига дахлдорлик ҳисси пасайиб кетади, дегани. Чунки бунда ҳаётий муаммолар энди кўпчилик бўлиб ҳал қилинмайди, қарорлар кўпчилик бўлиб қабул қилинмайди. Бу энди жамият эмас, балки шунчаки одамлар тўплами. Бу ҳолда муваффақият қозонилмайди. Муаммолар ичида яшайди, аммо уларни ҳал қилолмайди. Бунда бойликларига ҳамма эмас, балки баъзи гуруҳлар эга чиқади. Кўпчилик эса қашшоқ ҳолатда яшайди.

    Шунинг учун ҳам сайлов ҳақиқий сайлов бўлиши ҳар бир юрт учун муҳим аҳамият касб этади. Бунда сайловчиларнинг фаоллиги, салоҳиятли, ишончли кишиларни сайлашга интилишлари муҳим. Зеро сайловчиларнинг фаолсизлиги жамиятнинг фақат баъзи гуруҳларигина ўзлари хоҳлаган одамларни сайлаб олиши ва бошқаларнинг манфаатларини чеккага суриб қўйишига олиб боради.

    Бундай бўлмаслиги учун ҳар бир сайловчи сайловчилик масъулиятини ҳис этмоғи, сайлов нималигини билмоғи лозим. Сайловларга бефарқлик, кимни сайлаётганини-да билмаслик, номзодларни саволлар билан тергамаслик – булар жамият учун оғир оқибатлар келтиришини билмоқ лозим.

    Сайлов – жамиятни ҳақиқий жамиятга айлантирувчи муҳим омил. Инчунин, нолойиқ одамларни сайлаб қўйиб жамият эмас, тарқоқ омма бўлиб қолмаслик, келажак авлодни қоронғиликда қолдирмаслик лозим.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Сайлов – нима? Унга бефарқликнинг оқибатлари ҳақида