12:06 / 25.11.2019
2 338

Ўзбекистонда Race Across the World реалити-шоусининг эпизодлари тасвирга олинмоқда

Ўзбекистонда Race Across the World реалити-шоусининг эпизодлари тасвирга олинмоқда
Фото: BBC
Ўзбекистонда BBC Тwо телеканали орқали намойиш этилган Race Across the World («Дунё бўйлаб пойга») реалити-шоусининг эпизодларини тасвирга олиш ишлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси хабар берди.

Бу сафар Даниянинг ТВ2 канали шоу учун ҳуқуқни қўлга киритиб, ўз телемаҳсулотини яратмоқда. Ўзбекистонда тасвирга олиш ишларини ташкиллаштириш билан таниқли блогер ва журналист Никита Макаренко шуғулланмоқда.

Race Across the World янги саргузашт форматидаги шоу бўлиб, у нафақат саёҳатларга, балки турли мамлакатлар маданиятига ҳам бағишланади. Лойиҳа 8 қисмдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири 40 дақиқадан иборат. Бир неча жамоа самолётдан фойдаланмаган ҳолда Даниядан Сингапурга уюштирилган пойгада мукофот учун кураш олиб боради.

Белгиланган маррага биринчи бўлиб етиб борган жамоа ғолиб ҳисобланади. Шоу иштирокчилари Копенгаген—Сингапур рейси авиачиптаси нархига тенг миқдордаги пулга эга бўлади.

Ўзбекистондаги эпизод сёмкалари бир ҳафта давом этади. Жамоалар ўз саёҳатларини Копенгагендан бошлагани боис ҳар бирининг Ўзбекистонга етиб келиш вақти турлича бўлади.

Мазкур шоу сёмкалари мамлакат бюджетидан ҳеч қандай маблағ талаб қилмайди, аксинча унинг намойиши натижасида Ўзбекистон бепул кучли рекламага эга бўлади.

Лойиҳада 60 нафарга яқин киши банд. Тасвирга олиш гуруҳини Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси қўллаб-қувватламоқда.

Шоунинг экранларга чиқиши 2020 йилнинг бошига мўлжалланган бўлиб, Даниянинг ТВ2 телеканалида намойиш қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда Race Across the World реалити-шоусининг эпизодлари тасвирга олинмоқда