13:42 / 28.11.2019
3 391

Тергов департаменти ўқитувчининг ўлимига олиб келган воқеа бўйича расмий маълумот берди

Тергов департаменти ўқитувчининг ўлимига олиб келган воқеа бўйича расмий маълумот берди
Самарқанд шаҳридаги 42-мактабда тарих фанидан дарс берган ўқитувчи Иззатилло М.ни 15 киши калтаклагани ҳамда ўқитувчи олган тан жароҳатлари натижасида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Ички ишлар вазирлиги хабаридан англанишича, самарқандлик ўқитувчи 15 киши эмас, балки тўққиз киши томонидан калтакланган.

Маълум қилинишича, 2019 йил 20 ноябрь куни тахминан соат 02:00 да 28 ёшли фуқаро Иззатилло М. ўзининг 30 ёшли таниши Мақсуд билан биргаликда Самарқанд шаҳар Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган автобус бекати олдидан ўтиб кетаётган Асал исмли аёлга гап отган. Бу вақтда Асалнинг ёнида бўлган икки нафар эркак таниши ушбу ҳолатга аралашиб, улардан бири Иззатиллонинг юзига бир маротаба урган. Шундан сўнг Асал ўзининг танишларига қўнғироқ қилиб, уларни чақирган.

Асалнинг чақирувига биноан олти киши келган. Уларнинг ичида икки нафари аёл ҳам бўлган. Шундан сўнг улар бир гуруҳ бўлиб, шу куни соат 03:40 да Самарқанд шаҳар Беруний кўчаси 82-уй олдида Иззатиллонинг шериги Мақсудни ҳақоратлаб, унинг турли жойларига қўл ва оёқлари билан уриб, унга тан жароҳатлари етказган.

Шундан сўнг уч нафар аёл ва уч нафар эркак қўл ва оёқлари билан Иззатиллонинг бош қисми ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган.

Кўрилган тезкор чора тадбирлар натижасида Иззатиллога нисбатан жиноятни содир этган шахслардан уч нафари ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.

Маълум қилинишича, Иззатиллога бош мия суякларининг оғир синиши ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 20 ноябрь, чоршанба куни Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 23 ноябрь, шанба куни Иззатилло шифохонада вафот этган. Шу куни унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган ҳамда жиноят иши Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандига қайта малакаланган.

Дастлабки тергов жараёнида уч нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди ва 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва қолган олти нафар гумон қилинувчига нисбатан тегишли эҳтиёт чораларини қўллаш масаласи кўрилмоқда. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, марҳум Иззатилло М. 2016 йил 6 июнь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган ва шу йили Самарқанд шаҳридаги 42-сонли умумтаълим мактабига рус тили фанидан ўқитувчи бўлиб ишга кирган. 2017 йил 25 сентябрь куни у ишдан бўшаган ва Россияга ишлаш учун кетган. Иззатилло М. Россиядан 2018 йил август ойида қайтиб келган.

2018 йил 3 сентябрда яна шу мактабга ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинган ҳамда ўқувчиларга рус тилида тарих фанидан дарс бериб келган. Жорий йилнинг 17 октябрь куни ишдан бўшаши ҳақида мактаб директорини оғзаки огоҳлантирган ва мактабга ишга бормай, шу вақт мобайнида Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек ва Шоҳрух кўчалари кесишувчи чорраҳасида сомса сотиш билан шуғулланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тергов департаменти ўқитувчининг ўлимига олиб келган воқеа бўйича расмий маълумот берди