10:15 / 03.12.2019
2 924

Президент қарори: Иссиқлик таъминоти учун тўлов янги тизимга ўтказилади

Президент қарори: Иссиқлик таъминоти учун тўлов янги тизимга ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) 2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 квадрат метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади;

б) 2020 йил 1 январдан бошлаб:

истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни шакллантириш ва белгилашда ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш ҳамда иссиқлик таъминоти тармоқларидаги йўқотишларни қисқартириш ҳисобига иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар таннархини қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилади;

аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг 2020 йилги параметрларини шакллантиришда аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарларни қоплаш учун мувофиқ зарур маблағларни назарда тутади;

иссиқлик таъминоти соҳасига ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона ишлатилишини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари томонидан тегишли йил учун тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши бўйича чоралар кўради.

Белгиланишича, иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш соҳасида:

а) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда қуйидагилар учун жавобгардир:

иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан хизматлар тузиладиган шартномаларга мувофиқ кўрсатилишини, шунингдек, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси ва иссиқ сув узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сув учун тўловларнинг квартиралар ички ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичлари, истеъмолнинг норматив ҳажмлари ва квартиранинг иситиладиган майдони ўлчами асосида ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлашни, шунингдек, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини назорат қилиш;

иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмлари ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сувни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;

иссиқлик таъминоти тизими объектларининг ҳолати, фойдаланилиши ва уларга таъмирлаш хизмати кўрсатилиши устидан назоратни таъминлаш;
иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг алмаштирилиши ва ўрнатилишини, шунингдек, иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан уларнинг пломбаланишини ташкил этиш;

иссиқлик энергияси ва иссиқ сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

б) Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган тадбирларнинг Тошкент шаҳрида амалга оширилиши учун жавобгардир.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш бошқармасини тугатган ҳолда, иссиқлик таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш, шунингдек, уларнинг объектларидан ишончли ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун масъул бўлган Иссиқлик таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш бошқармаси ҳамда Иссиқлик таъминоти тизимларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бошқармасини ташкил этиш;

ресурс тежовчи замонавий технологияларни, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларида иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни инобатга олган ҳолда, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини 2019-2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиш;

аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида, кўп квартирали уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартибини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент қарори: Иссиқлик таъминоти учун тўлов янги тизимга ўтказилади