20:02 / 03.12.2019
3 717

Вилоятлардаги айрим йўл патруль-постлар фаолияти қайта тикланди

Вилоятлардаги айрим йўл патруль-постлар фаолияти қайта тикланди
«Фарғона—Водил», «Фарғона—Аввал» йўлларида 2018 йил бошида тугатилган назорат постлари қайта тикланган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фарғона водийси йўлларидаги назорат постлари қайта тикланаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда вилоятларнинг чегара ҳудудларида қайта тикланаётган «пост»лар ҳақида маълумотлар тарқатилиб, нима сабабдан бундай ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида саволлар кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 377-сон қарорига мувофиқ, республика ҳудудида мавжуд бўлган 133та йўл-патруль хизмати стационар постлари ва патруль-пост хизмати постларидан 74тасининг фаолияти тугатилиб, бугунги кунда улардан 59таси ўз ишини давом эттирмоқда.

Шу билан бир қаторда, юзага келган тезкор ва криминоген вазиятни инобатга олган ҳолда, ўрнатилган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан келишган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постларини вақтинча ташкил этиш ва тугатиш тартиби мавжуд.

Юртимизда режалаштирилаётган нуфузли сиёсий ва байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида хавфсизликни таъминлашни самарали ташкил этиш мақсадида, айрим ҳудудларда вақтинчалик йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постлари ташкил этилмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати раҳбари фуқароларимиздан ушбу хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилаётган муҳим вазифаларни тўғри қабул қилишларини ҳамда ижтимоий тармоқларда турли номақбул фикрларни тарқатмасликларини сўрайди», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Бундан аввалроқ, маҳаллий нашрларда «Фарғона—Водил», «Фарғона—Аввал» йўлларида 2018 йил бошида тугатилган назорат постлари, шунингдек, Қувасой шаҳрига киришдаги «Пакана» пости, Қўчқорчига киришдаги пост, «Қувасой—Арсиф» йўналишидаги «Беҳизор» постлари қайта тиклангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Аграр университет билан Салор қўрғони оралиғидаги пост, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги «Сармижон» ва «Эшонкўприк» постлари фаолияти 2018 йил бошида тўхтатилгач, кўп ўтмай яна қайта тикланган.

Эслатиб ўтамиз, вилоятлар чегараларидаги назорат постлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2017 йилги мурожаатномасидан сўнг олиб ташланган эди.

«Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади», деган эди бундай постларнинг «эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатаётгани»ни таъкидлаган давлат раҳбари.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вилоятлардаги айрим йўл патруль-постлар фаолияти қайта тикланди