13:17 / 06.12.2019
2 391

Янги Солиқ кодексида солиқ текширувлари 13тадан 3тага қисқартирилган

Янги Солиқ кодексида солиқ текширувлари 13тадан 3тага қисқартирилган
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда. Айни мақсадда кўплаб тадбирлар, давра суҳбати ва семинарлар ташкил қилинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 2019 йил 5 декабрь куни Савдо-саноат палатасида ўтказилди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида нафақат солиқ тўловчиларнинг, балки масъулияти оширилган ҳолда солиқ органларининг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ҳамда лўнда белгилаб берилган. Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида назорат тартиб-таомиллари соддалаштирилган ҳамда солиқ текширувларининг турлари 13 тадан 3 тага қисқартирилган. Солиқ органларига “Таҳлика-таҳлил” асосида (инспекторнинг аралашувисиз) камерал назорат, жойига чиққан ҳолда текшириш ва ваколатли органнинг розилигисиз солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берувчи солиқ назоратини ўтказишнинг янги тартиби назарда тутилмоқда. Бунда текширувлар натижалари тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилиши лозим.

Солиқ низоларини судгача ҳал этиш тартиби, шунингдек, солиқ ҳуқуқбузарлиги туридан келиб чиққан ҳолда, жазо чораларини белгилаш аниқлаштирилган.

Амалдаги Солиқ кодексидан фарқли равишда ҳужжатнинг янги таҳририда солиқ органларининг масъулияти оширилган, бир пайтнинг ўзида ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олишни (қайтаришни) ўз вақтида амалга ошириш механизми таклиф этилмоқда.

Бунда солиқ суммасини қайтаришнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига пеня тўлаш кўзда тутилмоқда. Ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари тўлаши керак бўлган суммаларга қаратиш тартиби бекор қилинмоқда.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ тўловларини таъминлашнинг янги дастакларини татбиқ қилиш, коллегиал органларнинг (комиссияларнинг) иштирокисиз пулли асосда солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этиш, солиқ имтиёзларини Президент томонидан белгиланган ставкани кўпи билан 50 фоизга ва кўпи билан уч йил муддатга пасайтириш кўринишида бериш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши нормаларни, шу жумладан, “битимларни қайта квалификациялаш”, “сохта битимларни” бекор қилиш, фирибгарлик битимлари бўйича чегирмаларни тақдим этмасликни белгилаш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, Солиқ кодексининг лойиҳаси трансферт нархларнинг шаклланишини назоратга олиш бўйича нормалар билан тўлдирилган. Трансферт нархлар ўзаро боғлиқ томонлар ўртасидаги битимларда шаклланишини ва бундай нархлар ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасида қўлланилиши мумкин бўлган нархлардан фарқланишини эътиборга олиб, “ўзаро боғлиқ шахслар” ва “ўзаро боғлиқ бўлган шахслар ўртасидаги назорат қилинадиган битимлар” тушунчаларига таъриф берилган.

Кодексда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғида илгари солиқ солинган бундай даромад суммалари бўйича ҳисобга олиш механизмини жорий этиш орқали дивидендларга поғонали солиқ солишдан воз кечиш киритилган.

Фоизларга тўлов манбаида эмас, балки уларни олувчиларда (бюджет, нотижорат ташкилотлари ва норезидентлар бундан мустасно) солиқ солиш тартиби жорий этилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солинадиган базани соддалаштирилган тартибда тушумнинг 25 фоизи миқдорида белгилаш ҳуқуқи берилиши кутилмоқда.

Солиқ солинадиган фойдани технологик асбоб-ускуналар ёки кўчмас мулк объектларини харид қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш қисмида имтиёзни бекор қилган ҳолда, уларни харид қилишда бир йўла амортизация чегирмалари тартиби қўлланилиши мақсад қилинмоқда.

Аванс тўловлари бўйича маълумотномалар бекор қилиниб, улар ўтган чорак якунларига кўра, фақат йирик солиқ тўловчилар учун ҳисобланади.
Давра суҳбатида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан киритилаётган бу каби ўзгаришларнинг ҳар бири муҳокама қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Янги Солиқ кодексида солиқ текширувлари 13тадан 3тага қисқартирилган