Банклар айрим филиалларини ёпмоқда, Марказий банк бунинг сабабини маълум қилди

  • 11 декабрь 2019, 13:30
  • 1 005
  • Жамият
  • Банклар айрим филиалларини ёпмоқда, Марказий банк бунинг сабабини маълум қилди
    Ўзбекистонда 1 октябрь ҳолатида кредит ташкилотлари ва банк филиаллари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8640 тадан 8061 тага камайди. Бу Марказий банк статистик маълумотларидан ўрин олган.

    Тижорат банклари филиаллари сони 49 тага (896 тадан 847 тага), мини банклар — 174 тага (1134 тадан 960 тага), банк биносидан ташқарида жойлашган операцион кассалар сони эса 373 тага (2281 тадан 1908 тага) камайди.

    Бундан ташқари, валюта айирбошлаш шохобчалари сони 948 тадан 943 тага, мобил кассалар эса 2132 тадан 2115 тага камайди.

    Марказий банк Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиботи департаменти директори Нусратулла Фозиловнинг «Газета.uz»га изоҳ беришича, филиаллар сонининг камайиши барча вилоятларда «банк хизматлари офислари» тармоғининг очилиши билан боғлиқ. Зарур ҳолларда банклар мавжуд филиаллар тармоғини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

    «Банклар филиаллардан фойда олишга эътибор қаратмоқда. Ҳозирда кўплаб филиаллар зарарга ишлашга ўтди, банклар уларни сақлаб туришдан фойда кўрмаяпти. 50−150 нафар ходим ишлаётган катта филиаллар ўрнига худди шу хизматларни кўрсатаётган 5−10 кишилик ходимга эга ихчам офислар ташкил этилмоқда», — деди у.

    Нусратулла Фозилов гап банк хизматлари ҳаммабоплигининг камайиши ҳақида эмас, балки банкларнинг операцион харажатларини камайтириш ҳақида кетаётганини қўшимча қилиб ўтди: «Битта йирик филиал ўрнига икки-учта ихчам банк хизматлари офислари ташкил этилмоқда».

    МБдан аниқлик киритилишича, 1 декабрда тижорат банклари 237 та банк хизматлари офисини очди. Уларни ташкил этиш президентнинг 24 октябрдаги қарорида кўзда тутилган. 31 октябрь куни БМ қарори билан бундай офисларни ташкил этиш тартиблари тасдиқланди.

    Офислар депозит ҳисоб-рақамларини очиш, омонатларни қабул қилиш, тўловлар ва халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш, валюта айирбошлаш, истеъмол кредитлари ва микроқарзлар бериш ва бошқа хизматларни кўрсатади.

    Ўтган давр мобайнида тижорат банклари сони 28 тадан 30 тага, давлат улушига эга банклар сони 11 тадан 13 тага, микрокредит ташкилотлари — 36 тадан 51 тага, ломбардлар — 53 тадан 59 тага, халқаро тўловларни ўтказиш шохобчалари — 1132 тадан 1148 тага кўпайди.

    » » Банклар айрим филиалларини ёпмоқда, Марказий банк бунинг сабабини маълум қилди