09:30 / 14.12.2019
3 051

Сенатор бир ойлик ҳарбий хизматни босқичма-босқич йўқ қилиш кераклигини айтди

Сенатор бир ойлик ҳарбий хизматни босқичма-босқич йўқ қилиш кераклигини айтди
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, сенатор Фаррух Дадахўжаев сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни босқичма-босқич йўқ қилиш кераклиги ҳақида гапирди.

У бунинг ўрнига мактабларда умумий ҳарбий таълим берилиши, ўқишни битираётганда бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳақида маълумот ёки ҳужжат берилса, бир ойлик ҳарбий хизматнинг кераги бўлмаслигини таъкидлади.

«МПР [сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат – таҳр]ни босқичма-босқич йўқ қилиш керак. Унинг ўрнига мактабларда умумий ҳарбий таълим бериш керак. Бу борада дастурлар бор, мактабларда дарс бериб келинади. Масалан, 10-синфда умумий ҳарбий таълим бериш керак ҳаммага. Қизларгаям, ўғил болаларгаям, соғигаям, носоғломигаям.

11-синфга ўтган ўқувчиларнинг ичидан ҳарбий хизматга лойиқларини танлаб олиш керак. Битта мактабдан чиқса, ўттизта бола чиқади ҳарбий хизматга. Балки йигирмата чиқар. Шуларнинг ўзига назарий дарс ўтиб, шуғуллантириб, таътил вақтида ҳарбий қисм бириктириб қўйилса, ўқишни битираётганда бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳақида маълумот ёки ҳужжат берилса бўлди, МПРнинг кераги йўқ. Агар шундаям эртага ўзи хоҳлаб армияга бораман деса бораверсин, ўқишга кираман деса кираверсин.

Лекин армияга бормайдиганларга йўл очилади. Бундан халққа фойда бўлади. Барибир бугун икки миллиондан кўпроқ одам армияга боролмаяпти. Армияга борай деса олмайсизлар, МПРгаям ўтказмайсизлар
», деди Фаррух Дадахўжаев 13 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси олдидан парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда.

Қўмита раиси сафарбарлик чақируви резервига оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан бош вазирга парламент сўрови юборилгани, бироқ берилган жавоб қониқарли бўлмаганини айтиб ўтди.

«Очиғини айтганда, бу масала бўйича берилган жавоб бизни қониқтирмади. Бош вазир имзо чеккан жавоб хатида биз берган таклифдан ўзини олиб қочиш бўлган. Афсус, шуни охирига етказолмадим, бу менинг камчилигим бўлди. Охирига етказсам бўларди, чунки ҳар йили икки миллиондан ошиқ ёшларимиз армияга боролмасдан қолиб кетяпти.

Мудофаа вазирлиги уларни сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат билан ҳам қамраб ололмайди, муддатли ҳарбий хизматгаям ололмайди, чунки шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар кўпайиб кетмоқда. Менимча, яна ўн йилдан кейин армиядагиларнинг 90 фоизини «контракник»лар ташкил қилса керак
», дейди Фаррух Дадахўжаев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сенатор бир ойлик ҳарбий хизматни босқичма-босқич йўқ қилиш кераклигини айтди