20:08 / 18.12.2019
2 892

Ромитанлик қайнона: Қиз туққанларга таъзим қиламан

Ромитанлик қайнона: Қиз туққанларга таъзим қиламан
Бу кечмишни сўзламоқ ҳам оғир, ҳам... фахр. Роҳила Азимова Ромитан туманидаги Пойжўш қишлоғида яшовчи Аҳаджон Раҳмонов билан турмуш қурганида нафақат Пешкунинг, балки Бухоронинг энг сулув қизларидан эди. Келин бўлиб тушганидан сағал вақт ўтмай қайнонаси вафот этди. “Қизим, ортимда бир эмас, олти нафар қайниукаларингиз қолаяпти. Уларни Сизга ишонаман. Кўнгилларини оғритманг. Оналик қилинг”, — деди қайнонаси умри худди шам каби сўнаётган лаҳзада.

Роҳила васиятга амал қилди. Укаларидан меҳрини аямади. Она ўрнида оқ ювиб, оқ таради. Бу орада ўзи ҳам фарзандли бўлди. Уч ўғил кўрди.

— Мактабда бошланғич синф ўқитувчиси эдим, — дея эслайди у. — Дард дегани сўраб келмас экан. Хасталаниб ётиб қолдим. 27 йилдирки, тўшакдаман. Икки оёғим ишламайди. Тақдир оёғимни олган бўлса ҳам ақлимни ололгани йўқ. Яратганнинг ўзи менга шундай садоқатли ёр ато этганига шукроналар қиламан. Учала ўғлим ҳам меҳрибон. Ўқиб-улғайиб эл-юрт корига ярайдиган бўлиб вояга етишди. Ҳар тонгда “Онажон, яхши ётиб, турдингизми? Саломатлигингиз қандай?” дейишганида узоқ йиллик дардларим унут бўлади. Мен хасталигим боис уларга ўз қўлим билан мазали овқатлар пишириб бера олмаяпман, кийимларини юволмаяпман. Шунга қарамай улар “Фариштадай онамиз бор” деб мендан фахрланишади.

Икки келиним бор. Иккаласи ҳам оқила. Атрофимдан нари кетишмайди. Баъзан “Қизим, онангизникига бориб, бир-икки кун туриб келинг” десам, “Йўқ, Сизни ёлғизлатиб қўймаймиз” дейишади.

Мен уч ўғилни туғиб, вояга етказдим. Лекин келинларимнинг меҳр-оқибатини кўриб, қиз туққанларга таъзим қиламан.
Онахон шу сўзларни айтганида зал ларзага келди. Йиғламаган ҳам йиғлади.

Дарвоқе, биз бу онахон билан Ромитан туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган ўзига хос тадбирда учрашдик. Ёш оилалар ўртасидаги ажримлар олдини олиш, ёшлар онгига “Оила – муқаддас” деган тушунчани сингдириш каби мақсадларни ўз олдига қўйган ноанъанавий тадбирга бошқалар қатори Роҳила опа ҳам таклиф қилинган эди.

— Ҳудудимизда 17 мингтадан зиёд ёш оила бор, — дейди унда сўз олган туман ҳокими Х. Тоҳиров. — Турли важлар билан ажралиш ёқасига келган оилалар ҳам афсуски, учрамоқда. Ҳозиргача уларнинг 75 таси яраштирилди. Жойларга чиқиб шундай нотинч оилалар билан учрашаяпмиз. Кузатишлар кўрсатаяптики, аксарият оилавий низоларга арзимас важлар, “деди – деди”лар сабабчи бўлаяпти. Яқинда “Боғитуркон” ҳудудидаги шундай оилалардан бири билан суҳбат ўтказдик. Қайнона келиннинг сўзларини, бир-бирига қилган таъналарини эшитиб, очиғи, хўрлигинг келиб кетади. Биз, аввало, болаларимизни қобил фарзанд қилиб тарбиялаш ҳақида ўйлашимиз керак. Агар шунга эриша олсак, улар ҳузур-ҳаловатини кўрамиз, жаннатда юргандек бўламиз.

— Президентимиз Бухорога қилган ташрифлари чоғида Бухорони хотин-қизлар масаласида намунавий ҳудудга айлантириш юзасидан топшириқ ва тавсиялар берган эдилар, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин – қизлар қўмитаси раиси Ф. Ибрагимова. — Бу борада кўплаб ишлар амалга оширилаяпти. Ноанъанавий тадбиримиз шу хайрли юмушларнинг мантиқий давомидир. Биз бугун ҳеч кимга “Ярашинг”, “Нега ўзаро келишмай қолдиларинг” демаймиз. Тадбирдан хулоса ясаш ўзларингга ҳавола.

Айтиш жоизки, юракдан айтилган сўз нишонга тегади. Тўпланганлар учун намойиш қилинган оилавий ажрим фожеаси акс этган фильм, туман бош имом-хатиби Бобир Жўраев, ҳаёт қийинчиликларини енгиб келаётган Роҳила Азимова ва бошқаларнинг таъсирчан сўзлари ажралиш ёқасида турган ўнга яқин жуфтлик фикрини ўзгартирди. Улар ярашишди.

Тадбирда бу оилаларга ва тадбир иштирокчилари ҳамда ҳудудида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган, ажримлар рўй бермаган 8 та маҳалла фаолларига совғалар берилди. Шунингдек, тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида сайёр қабул ўтказилиб, ёш оилаларни қийнаб келаётган масалаларга ечим изланди.

Истам ИБРОҲИМОВ

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ромитанлик қайнона: Қиз туққанларга таъзим қиламан