00:10 / 19.12.2019
9 195

«Ҳаммамиз шокдамиз». Қурувчилардан бири Юнусобод метросидаги авария қандай юз берганини сўзлаб берди

«Ҳаммамиз шокдамиз». Қурувчилардан бири Юнусобод метросидаги авария қандай юз берганини сўзлаб берди
Фото: ЎзА
18 декабрь, чоршанба куни соат тахминан 10:00 атрофида Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналиши қурилишида ер ўпирилиши оқибатида авария содир бўлди.
Repost ушбу объектда тўрт кундан буён ишлаётган ишчилардан бири билан боғланди. Ишчининг илтимосига биноан унинг исми ўзгартирилди.

Азиз (исм ўзгартирилган) вилоятдан келган. Қуйида унинг ҳодиса қандай юз бергани ҳақидаги ҳикояси келтирилади:
Объектда бугун тўртинчи кун ишлашим. Метро беш ойдан бери қурилмоқда. Ишчилар бир неча сменада ишламоқда. Мен ўз вилоятимдаги қурилиш компаниясида бир йилдан ортиқроқ муддатда ишлаб келяпман. Айнан шу компания мени метро қурилишига юборган эди. Бу ерга ишга келган биринчи кунимдаёқ орқага қайтиб кетишни хоҳлаганман. Метро қурилишига жалб этилган қурувчиларнинг баpчаси Жомий айланмасида жойлашган пласткарт вагонларда яшайди. Битта вагонда 50 нафардан кўпроқ одам жойлашган. Биринчи кунданоқ бизнинг бошлиғимиз бир неча ходимни дам олгани ва чеккани учун ишдан ҳайдади. Яшаш шароитлари ва бу ердаги муҳитни кўриб ўша куниёқ орқага қайтиб кетишни хоҳлаганман.

15 кун ишлаймиз, 3—4 кун дам оламиз, кейин яна ишга чиқиш керак бўлади. Ойлик 35 соат учун тўланади. Қўлимизга 1,5 миллион сўмга яқин пул оламиз. Нонуштага иккита қайнатилган тухум, бир нечта бўлак нон ва чой беришади. Тушликка ош ва нон, кечки овқатга макарон ва гуруч. Мен кечки овқатни емайман, дўкондан у-бу нарса олиб ейман. Ҳар куни соат 6:00 да ‘подём’. Соат еттида биз объектга бориб, тунги смена ишчилари билан ўрин алмашамиз. Бошлиқлар қандай топшириқ берса, ҳаммасини бажарамиз. Бир кунда 10—11 соатлаб ишлаймиз. Ишимиз оғир.

Бугун соат 10:20 да фожиа юз берди. Мен ўша вақт яқин жойда тургандим.

ДСП, арматураларнинг қарсиллаган овози эшитилди, оғир нарса қулагандек бўлди. Одамларнинг бақирганини эшитдим, лекин ким бақирганини тушунмадим. Ҳамма метро ўпирилган жойга югурди.

У ерда соябон бор эди. Кучли ёмғирдан сув тўпланиб, деворлар икки томондан сув билан ювиларди. Пастда эса бетон қуйиш учун мўлжалланган ДСПларни ушлаб турган тахталар бор эди. ДСП устида эса арматура тўри. Одамлар юқорида ишлаётган эди, айримлар пастдаги соябон остида ёмғирдан пана қилиб турган эди. ДСП, арматура тўрлари, бетон ва тупроқ одамлар устига қулаб кетди. Кабеллар узилиб, қурилиш материалларининг қарсиллаган овози эшитилди. Қўрқиб кетдик. Ҳаммамиз ҳалигача шокдамиз».

Соат 13:17 да авария оқибатида ҳеч ким жабрланмаган деб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берганди. Бироқ, вазирлик воқеа гувоҳи бўлган 1975 йил туғилган қашқадарёлик Б.М. ушбу ҳолатдан қаттиқ стрессга тушиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилганди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пудратчи қурилиш ташкилотларининг куч ва воситалари ёрдамида юзага келган ҳолат бартараф этилаётгани, авария оқибатида 250 метр куб тупроқ ўпирилиб тушгани ҳақида хабар берди.

UzReport телеканали ўз манбаларига асосланиб тарқатган хабарларга кўра, тупроқ остида 20 нафарга яқин қурувчи бўлгани, уларнинг биронтаси омон қолмаган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси 18 декабрдаги фармойиши билан Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда зудлик билан бартараф қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилганини маълум қилди.

ЎзАнинг ёзишича, ўпирилган жойнинг ҳали тўртдан бир қисми ҳам қазиб улгурилмаган.
Айни пайтда Бош прокуратура, ИИВ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан қидирув-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ҳаммамиз шокдамиз». Қурувчилардан бири Юнусобод метросидаги авария қандай юз берганини сўзлаб берди