Ҳокимлик ходими сайлов масъулларидан «черновик» талаб қилгани тасдиқланди

  • 23 декабрь 2019, 11:29
  • 1 086
  • Жамият
  • Ҳокимлик ходими сайлов масъулларидан «черновик» талаб қилгани тасдиқланди
    Фото: Шерзод Икрамутдинов
    Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналида Яшнобод туман ҳокимлиги сайлов комиссиясининг тегишли сайлов округлари масъуллари билан телеграмда тузилган гуруҳидаги ёзувлар эълон қилинди.

    Бу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги тегишли ҳуқуқ тартибот органлари билан биргаликда зудлик билан ишчи гуруҳини ташкил қилиб, Яшнобод тумани ҳокимлигидаги ҳолатни ўрганди.

    Ўрганиш натижаларига кўра, бу ёзувлар ҳақиқатдан ҳам Яшнобод туман Кадрлар бўлими раҳбари Қудрат Ҳусановга тегишли бўлган ва у ҳақиқатдан сайлов округлари масъулларини «черновик» протоколлари билан айтилган манзилга етиб келишларини талаб қилган.

    Айни пайтда «черновик»лардаги маълумотлар ҳеч қандай ўзгаришсиз «чистовик» протоколларга кўчирилиши Яшнобод туман сайлов комиссияси назоратига олинган.

    Қудрат Ҳусанов ҳамда бошқа масъулларнинг ушбу ҳаракати ўрганиляпти ва сайлов натижаларига аралашиш ҳолати тасдиқланса, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.


    - Хуллас кўпчилик бўлиб сайлов округига бордик. Воқеа қаҳрамони, 27 ёшли Қудрат Хусанов билан ҳам суҳбатлашдик. Вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди. Қолганини видеода батафсил баён қилганман.

    Албатта, умуман олганда бироз кўнгилсиз иш бўлди. Аммо воқеалар ривожида мени бир нарса хурсанд қилди.

    ОАВ вакиллари туман сайлов округига боришганида ярим тун бўлса ҳам, казо-казо мутасаддилар аллақачон етиб келишганди. Ва улар журналистларга ўта ҳурмат билан муносабатда бўлишди. Барча шароитни яратиб беришди. «Яна хизматлар борми?» деб сўрашди охирида.

    Бунақа вазиятда одатда «қайси биринг ёздинг?», «нега бунақа иғво ёзасан?», «сиёсатимизга қаршимисан?», «ақлингни киритиб қўйиш керак экан» деган муносабатга ўрганиб қолгандик.

    Ҳеч бир жамият хатодан ҳоли эмас, аммо энг яхши жамият хатоларни тан олади, тўғри муносабатда бўлади ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ҳис қилади. Мана шуниси ўта муҳим!

    Тезкор муносабат ва ҳамкорлик учун Марказий сайлов комиссияси ҳамда Бош прокуратурага миннатдорлик билдираман
    , - дейди Хушнудбек Худойбердиев ўз телеграм каналида.

    » » Ҳокимлик ходими сайлов масъулларидан «черновик» талаб қилгани тасдиқланди