date
views 2 826

Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар учрашуви бўлиб ўтди (фото)

Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар учрашуви бўлиб ўтди (фото)
Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар жамияти ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакиллиги ҳамкорлигида жорий 2019 йилнинг 22 декабрь куни Истанбул шаҳри Ускудар туманида жойлашган «Ёшлар маркази»да анъанавий тарзда ташкил қилиниб келина ётган навбатдаги «III Ўзбекистонлик талабалар учрашуви» ўтказилди.

Учрашувда Туркиянинг Истанбул, Кожаэли, Караман, Кастамону, Карабук, Эскишеҳир, Ялова, Сакаря, Самсун, Бурса, Болу, Коня, Адана, Эрзурум, Кıркларели, Текирдағ ва бошқа вилоятлардан ташриф буюрган талабалар билан бир қаторда, Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари, Туркия хорижий турклар ва қардош халқлар Бош бошқармаси масъул шахслари, маҳаллий ҳокимият мутасаддилари, Туркиядаги нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистонга хайрихоҳ бўлган Туркия фуқаролари, Туркиядаги университетларда фаолият юритаётган ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар, қатор университетлардан туркиялик меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, жами 350 нафардан ортиқ киши иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир мамлакатимизда ушбу тарихий санада бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда иштирокнинг мантиқий давоми бўлди.
osts/2019-g[/img]
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси талабалар жўрлигида ижро этилиши билан бошланди, ортидан Туркия Республикасининг мадҳияси янгради. Сўнгра 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳридаги метро қурилишида юз берган фожеа туфайли вафот этган юртдошларимиз хотираси ёдга олиниб, Қуръони карим тиловат қилинди.

Тадбирни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакили Эргаш Жумаев кириш нутқи билан очиб берди. Тадбирда сўзга чиққан Хориждаги турклар ва қардош халқлар Бош бошқармаси Истанбул вакили Жанер Сулаймон, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бош мутахассиси Анвар Юсупов ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ва мамлакатимизда ёшларга доир кенг кўламли ислоҳотлар ва Ватанга муҳаббат туйғуси ҳақида сўз юритилди.

Айни вақтда ўзбекистонлик талаба ва меҳнат қилаётган ёшларни маҳаллий ҳокимият билан ўзаро муносабатларида ва ёшларимизни Туркияда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол ёрдам кўрсатиш бўйича маълумот алмашинуви ҳақида фикр юритилди. Ўзаро совғалар алмашинди.

Ҳаваскор талабалар ва уста санъаткорларнинг бадиий чиқишлари даврага алоҳида файз ва кўтаринки руҳ бағишлади. Жумладан, Анқара университети талабаси Асал Инамова «Дуторим» ижроси, Киркларели университети талабаси Зуҳриддин Ҳайдаров “Ўзбекистон ватаним” ашуласининг жонли ижроси, Кожаэли университети талабаси Назокат Суннатуллаева «Торимнинг сири» ва «Ватаним» қўшиқлари, Самсун Ўн тўққизинчи май университети талабаси Улуғберди Пардаев «Улуғимсан ватаним» шеъри, ўрта мактаб 7-синф ўқувчиси Ҳулкар Назарова скрипкада “Let It Be”, “Beliyever” “Despacito”​ ижроси билан меҳмонларни хушнуд қилди. Турк дунёсида алоҳида эътирофга сазовор уста санъаткор Бунямин Аксунгурнинг мумтоз тароналар ижроси иштирокчиларда ўзгача таассурот қолдирди. Санъаткор созидан таралган Хоразм куйига хоразмлик талабларнинг рақси жўр бўлди.

Тадбирда Туркия вакиллигининг ҳисоботи тингланди ва вилоят координаторларининг янги таркиби ёшлар орасидан шакллантирилди. Тадбир якунида меҳмонларга ўзбегимнинг дастурхон кўрки паловхонтўра тортиқ қилинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар учрашуви бўлиб ўтди (фото)