19:36 / 30.12.2019
2 818

Шуҳрат Ғаниевга қарши жиноят иши очилмади, унга интизомий чора қўллаш учун ҳукуматга хат юборилди

Шуҳрат Ғаниевга қарши жиноят иши очилмади, унга интизомий чора қўллаш учун ҳукуматга хат юборилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга мансублиги айтилган таҳдидли аудиоёзувни ўрганиш натижаларини тақдим қилди.

«Жорий йилнинг 10 декабрь куни Интернет нашрларида Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Ш.Ғаниевга тегишли ҳамда таҳдид мазмунидаги тарқалган аудиоёзувдаги ҳолатлар бўйича Бош прокуратура томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Аниқланишича, ижтимоий тармоқларда Қува тумани Автошоҳбекати ёнидаги автомобиль йўлида тўпланиб турган тахминан 20-30 нафар фуқаролар томонидан электр ва газ таъминотида узилишлардан норозилик билдирилаётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалган.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган селектор йиғилишида Ш.Ғаниев Қува туманидаги ҳолат бўйича туман ҳокимига юзланган ҳолда муомала маданиятидан четга чиқиб, таҳдидий ва қўпол сўзлар ишлатган. Ушбу ҳолат номаълум шахс томонидан ёзиб олиниб, тарқатилган.

Терговга қадар текширувда жорий йилнинг 2 декабрь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида Ш.Ғаниев таҳдидий ва қўпол сўзларни ишлатганлиги аниқланди.

Ш.Ғаниевнинг сўзларида инсон ҳаётига ва соғлиғига тажовуз қиладиган реал таҳдид, яъни уларни амалга оширилишидан хавфсираш учун асослар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бироқ, Ш.Ғаниев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари талабларини бузганлигини инобатга олиб, унинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига хат юборилди», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ҳодиса тарихи
14 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб айтилаётган аудиоматериал тарқалганди. Аудиода овоз эгаси газ таъминотидаги муаммолардан норози бир гуруҳ аҳоли вакиллари ноябрь ойи охирида Қува туманидаги автомобиль йўлларидан бирини тўсиб қўйгани ҳақида гапиради ва ушбу туман ҳокими Равшан Қурбоновдан бу воқеаларни видеога олган шахснинг «жанозаси қачон ўқилиши»ни сўрайди.

«Чора кўриш эмас бу, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни», дейди овоз эгаси бу борада чора кўрилганини айтган туман ҳокимининг жавобидан қониқмай.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан бу аудиони сохта деб аталган ва у «пранкер» (овоз ўхшатувчи)лар томонидан тайёрлангани иддао қилинганди.

«2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Ш.Ғаниев томонидан айтилмаган. Ш.Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган», – дейилганди ҳокимлик билдиришида.

18 декабрь куни бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ вазиятга муносабат билдириб, «қонунни бузган шахс ким бўлишидан қатъи назар қонун олдида жавоб бериши керак»лигини таъкидлади.

Кейинроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Бош прокуратура Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бўйича суриштирув бошлагани ҳақида маълумот берган, Бош прокуратура аудиоёзувни ўрганаётганини тасдиқлаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шуҳрат Ғаниевга қарши жиноят иши очилмади, унга интизомий чора қўллаш учун ҳукуматга хат юборилди