16:07 / 01.01.2020
9 888

“Эҳ, бу ўзбеклар қанақа халқ...”

“Эҳ, бу ўзбеклар қанақа халқ...”
Ҳаво этни жунжиктирар даражада совуқ. Исиниб олиш учун уйга шошаман. Хосписдаги болалар учун мандарин ёки бирор ширинлик олмаганим ёдимга тушади.

Машинамни Фудсити томонга бураман. Мана... Апельсин, мандарин яна қандайдир меваларнинг ёқимли ҳиди тутган бозор. Аравалар орасидан тиқилиб ўтиб абхаз мандаринлари сотиладиган жойга бордим. Татиб кўрдим, мазаси бошқача. “Онам ҳақи қасам ичаман, Абхазияники”, дейди сотувчи. Лекин мен ҳам, у ҳам мандарин у жойдан келмаганлигини биламиз. “Нега ёлғон гапириш керак экан-а”, деб ўйлайман.

Уч қути арзонроқ серб мандаринларидан олдим, аравакаш юкларимни аравага солади ва биз чиқиш томонга йўл оламиз. Эшик олдида пилладек ўраб, осиб қўйилган ўзбек қовуни диққатимни ўзига тортади. Сотувчи тарозида қовунни тортар экан, уч қути мандаринга кўзим тушиб: “Жуда кўп олмадингми, битта ўзинггами?”, деди.

“Бу бемор, етим болаларга”, дейман. Русчада қийналиб гапираётган сотувчининг юзи жиддийлашди, яна бир марта қаергалигини сўради. Индамай бир қути хурмони кўтариб аравага қўшди: “Мендан болаларга совға”.

Ҳиссиётларим қоришиб кетди. "Олайми, олмайми?.. Қандай оламан, текинга-я?!"
У яна сўрайди: “У болаларнинг ота-онаси йўқми?”

“Бор, аммо уларнинг кўпчилиги тузалмас касал бўлган болалар”.
Шунда ҳалиги ўзбек бир қути помидорни кўтариб униям аравага жойлади.

Пулим тугаганидан, тўлолмаслигимдан хижолат бўлиб дейман:
-Уларга бу мумкин бўлмаса керак...

- Мумкин, мумкин, - дейди сотувчи ўзбек, - биламан мумкин. Фақат берганингда, “Аллоҳ, Умардан рози бўлгин”, десанг кифоя.
... Бозордан чиқиб кетяпман, орқамдан аравани итариб аравакаш келяпти. Менинг эсимда томоғимда нимадир тиқилган, кўзимда ёш айланади...

“Аллоҳ Умардан рози бўлгин, Аллоҳ Умарни мукофотлагин...”

Ижтимоий тармоқдан олинди

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Эҳ, бу ўзбеклар қанақа халқ...”