13:00 / 07.01.2020
2 615

ДХХ мамлакатимиздан яширинча олиб чиқиб кетилаётган олтин буюмларни тўхтатиб қолди

ДХХ мамлакатимиздан яширинча олиб чиқиб кетилаётган олтин буюмларни тўхтатиб қолди
ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг «Ғишткўприк» халқаро ўтказиш пунктида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятида яшовчи фуқаролар С.О., Р.Ф., К.Г., А.М. ва Р.А. 1 кг. 168 гр. оғирликдаги тилла буюмларни Қозоғистонга олиб чиқиб кетмоқчи бўлишганида тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, «Ғишткўприк» халқаро ўтказиш пунктида ДХХ ва божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган бошқа бир тадбирда эса Андижон шаҳрида яшовчи Н.Б. ва унинг турмуш ўртоғи М.Ў.нинг 1 кг. 116 гр. оғирликдаги олтин буюмларни ўзларининг икки ёшли набирасининг таглиги (памперс) орасига яшириб, мамлакатимиздан олиб чиқиб кетишларига чек қўйилди.

Аниқланишича, ҳар икки ҳолатда ҳам қонунбузарлар олтин буюмларни Қозоғистон орқали Ҳиндистон давлатига олиб бориб, сотишни режалаштиришган.

ДХХ ходимлари Тошкент вилояти ҳудудида яна бир ноқонуний хатти-ҳаракатга чек қўйишди. Маълум бўлишича, маҳаллий фуқаро М.Д. кўп вақтдан буён Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари яқинидаги ёпиқ шахталардан ноқонуний қазиб олинган олтинни андижонлик Н.У.га сотиб келган.

М.Д. навбатдаги олтин қуймаларни Н.У.га унинг қариндоши Т.М. орқали бериб юборади. Т.М. бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина Андижон шаҳрига кириб келган вақтида тўхтатилиб, текширилганда 1 кг 476 гр оғирликдаги олтин қуймалар, шунингдек, 14 минг АҚШ доллари ва 8,9 млн сўм борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговолди суриштирув ишлари вақтида Т.М. олтин қуймаларни Н.У.нинг илтимосига кўра М.Д.дан 63 минг АҚШ долларига сотиб олганлигини билдирди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб Н.У. ушланди ва заргарлик буюмлари ясаб, сотиш мақсадида муқаддам М.Д.дан олтин қуймаларни сотиб олганлигини тан олди.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти фуқароси Ғ.Р. «Қамчиқ» довони ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаларининг бирида наманганлик Ғ.А.га қарийб 1 кг оғирликдаги олтин қуймаларни 294 млн. 600 минг сўмга сотаётганида уларнинг ҳар иккиси қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп тумани суди ҳукмига кўра, Ғ.Р. 4 йил муддатга, Ғ.А. 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ мамлакатимиздан яширинча олиб чиқиб кетилаётган олтин буюмларни тўхтатиб қолди