08:30 / 10.01.2020
4 436

Тошкентда «Жиҳодчилар»нинг навбатдаги гуруҳи ИИВ ва ДХХ томонидан ушланди

Тошкентда «Жиҳодчилар»нинг навбатдаги гуруҳи ИИВ ва ДХХ томонидан ушланди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 7 январь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирлар натижасида фаолияти Ўзбекистонда тақиқланган «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Сурияда паноҳ топган террористик уюшма аъзоларининг топшириқларини бажариб келган. Улар аҳоли орасида қонунга хилоф равишда тарғибот олиб бориб, «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқимининг ғояларини тарқатган ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган.

Шунингдек, улар Ўзбекистондаги ёшлар орасида ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, Сурия ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилиб, жиноят содир этишга даъват қилган. Таъкидланишича, ушланган шахсларда экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланган ва процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқими Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган. Аввалроқ, 2019 йилнинг 23 октябрь куни ҳам Тошкент шаҳрида мазкур оқимнинг бир гуруҳ аъзолари қўлга олинган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда «Жиҳодчилар»нинг навбатдаги гуруҳи ИИВ ва ДХХ томонидан ушланди