08:30 / 13.01.2020
1 094

Ўзбекистонда автомобиль йўлларини ривожлантириш учун янги жамғармалар тузилади

Ўзбекистонда автомобиль йўлларини ривожлантириш учун янги жамғармалар тузилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, республика жамғармаси даромадлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
- умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш, Жиҳозлаш ва бошқа йўл ишлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар;
- Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 30 йил давомида узиш шарти ва 5 йиллик имтиёзли даври билан ажратиладиган фоизсиз кредитлар шаклида, 2020 йилда 50 млн. АҚШ доллари ва 2021-2024 йилларда ҳар йили 100 млн. АҚШ доллари;
- умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш ишларини молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар;
- қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар.

Ҳудудий жамғармалар қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
- Минтақавий йўлларда лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбаларидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар;
- Минтақавий йўлларни ривожлантириш учун маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари томонидан жорий этиладиган махсус йиғимлар;
автомобиль йўллари ва кўчалари бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкасига қўшимча коэффициентларни қўллашдан тушадиган маблағлар;
- Республика жамғармасидан мақсадли трансфертлар;
- умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукционлар якунлари бўйича ҳуқуқ тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловларнинг 60 фоизи миқдоридаги маблағлар;
- умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа объектларини жойлаштириш ва қуриш учун мазкур ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушадиган маблағларнинг 60 фоизи миқдоридаги маблағлар;
- қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 25 январгача давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)