09:30 / 21.01.2020
2 351

Президент: «Ўзингиз айтинг, бу аҳволда биз қаёққа борамиз?»

Президент: «Ўзингиз айтинг, бу аҳволда биз қаёққа борамиз?»
Олий Мажлис Сенатида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳақида гапирди.

«Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш масаласи Сенатнинг доимий эътиборида бўлиши керак.

Сўнгги йилларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор ишларни амалга оширдик. Бироқ, бу соҳада олдимизда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Масалан, ўтган йили мамлакатимиз бўйича жиноят содир этган 47 мингдан ортиқ шахснинг 12 минг нафари ёки 25 фоизини ёшлар ташкил этган.

Бу кўрсаткич Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 39 фоиз, Андижон ва Наманган вилоятларида 38 фоиздан ошган. Лекин, минг афсуски, на Қашқадарё, на Хоразм, на Андижон, на Наманган вилоятларида, на Тошкент шаҳрида ушбу ўта ташвишли аҳвол бўйича Сенатнинг сайёр мажлислари ўтказилиб, бу масала жиддий муҳокама қилинмаган. Ҳамма томошабин.

Ўзингиз айтинг, бу аҳволда биз қаёққа борамиз?

Бу каби бепарволик ва эътиборсизлик энди тарихда қолиши керак. Ҳар бир масалада янги сенаторларимиз тезкор муносабат билдиришлари ва зарур чора-тадбир кўриб боришлари лозим.

Бундан ташқари, безорилик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Шу муносабат билан жойларда жиноятчиликка қарши кураш олиб борадиган идоралар фаолияти сенаторларнинг доимий назоратида бўлиши лозим.

Хабарингиз бор, сўнгги 3 йилда ўз қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингдан ортиқ шахс афв этилиб, ўз яқинлари бағрига қайтарилди. Ўйлайманки, улар келгусида ҳаётда ўз ўринларини топишида ҳам сенаторларнинг алоҳида ҳиссаси бўлади.

Агар афв этилганларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминламасак, афв этиш тўғрисида биз қабул қилган фармонларнинг обрўси, таъсири нима бўлади?» - деди давлат раҳбари.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент: «Ўзингиз айтинг, бу аҳволда биз қаёққа борамиз?»